Дабдабали туғилган кунлар пулимиз кўпайганидан даракми?
Болалигимда ота-онамнинг туғилган куни қачонлигини билмасдим. Сабаби, уйимизда фақат болаларнинг туғилган куни оила даврасида нишонланарди. Катталар туғилган куни доим “ёддан чиқарди”. Бошқа тенгқурларимдан ҳам туғилган кунни дабдаба билан ўтказишини эшитмаганман.
Бора-бора туғилган кунлар оила даврасидан ҳамкасб, синфдош, курсдош, қариндошлар даврасига кўчди. Ҳатто баъзи танишларим туғилган кунини уч кун нишонлагани, ўша пулга бир йигитни уйлантириб қўйса бўлишини мақтаниб айтган пайтлар ҳам бўлди. Ота-оналар боласининг туғилган кунига боғчага, мактабга ширинлик ва ичимликлар келтиришни одатга айлантирди. Қурби етмайдиган оилалар ҳам боламнинг кўнгли ўксимасин деб боғчага қарзга бўлса-да, торт олиб келадиган бўлди.
Хуллас, кейинги йилларда туғилган кунларни нишонлаш шундай авж олдики, ҳатто баъзи ота-оналар атиги бир ёшга тўлган фарзандининг туғилган кунини ресторанда қариндош-уруғ, дўстлари билан тантанали ўтказмоқда. Ачинарлиси, бугун бундай маросимлар одатий тусга айланди.
Яқинда яна бир асаббузар одат ўйлаб топилибди. Туғилган кун соҳибини карнай-сурнай, мусиқа садолари остида, тантанали равишда, соат тунги 12:00 да табриклаш мода бўлаётганмиш. Бир танишим айтиб қолди.
- Қўшни подъездда кун бўйи қандайдир маросимга тайёргарлик кўрилди. Атроф тозаланди, гуллар, шарлар билан безатилди. Бу ерда нима бўларкан, деб кузатдим, аммо кундузи ҳеч нарса бўлмади. Кечқурун ухлаб ётгандим, баланд мусиқа овозидан уйғониб кетдим. Одамлар ташқарида шовқин қиляпти, кимдир микрофонда қўшни аёлни туғилган куни билан табриклаяпти. Бир соат давом этган шовқиндан ҳамма қўшнилар уйғонди. Ярим тунда уйқум бузилиб, асабийлашдим. Эрталаб ишга боришим керак, қани энди уйқу келса. Кўпқаватли уйда яшайдиган бошқа одамлар ҳам худди мендек асабийлашса асабийлашдики, асло хурсанд бўлмади. Хўш, туғилган куни бўлса, нима бўлибди, шунга ҳаммани безовта қилиб, ярим тунда уйғотиш керакми? Кундузи қилмайдими шу маросимини?
Худди шундай туғилган кун сценарийси қишлоқ жойларида ўтказилаётганини видеотасвирда кўргандим. Баъзи одамлар нафақа ёшидаги кекса ота-оналарининг туғилган кунини шундай тантанали ўтказишяпти. Ҳозир туғилган кунларни тантанали ўтказиб берадиган гуруҳлар пайдо бўлган. Гуруҳ таркибида бошловчи, тасвирчи, мусиқачи ва яна кимлардир бор. Хуллас, келишилган пулни берсангиз, ўша гуруҳ айтилган вақтда, белгиланган манзилга боради. Бу нима дегани? Одамларнинг пули кўпайиб, ақли камайиб кетаётганидан даракми? Ундан кўра, ҳавога сочаётган пулини етим болалар, бева аёллар, кам таъминланган кўп болали оилаларга эҳсон қилса бўлмайдими, деб ўйлайсан киши.
Аслида, бундай тадбирлар хорижда юрган, ойда, йилда ота-онасидан хабар ололмайдиганлар томонидан ўйлаб топилди. Дастлаб, чет элдагилар яқинларини байрамларда гул ва ширинликлар юбориш орқали табриклашни исташди. Бора-бора бундай таклифлар дабдабали кўриниш олди.
Бундан тўрт йил аввал Россияда беш кишилик тўйни кўриб кулгандим (тўғрироғи, ЗАГСни). Негаки, бизда туғилган кунлар ҳам беш киши билан ўтказилмайди-да. Энди ўйлаб қарасам, ўшалар қандай яшашни билар экан. Нима кераги бор ортиқча дабдаба, ортиқча харажатни, дейсану аммо одамларга тушунтиролмайсан.
“Пайғамбаримиз қачон туғилганлар?”
Биласизми, ислом динида ҳатто пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам туғилган кунлари маълум эмас. Уламолар фикрича, агар Аллоҳ таоло пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг туғилган кунларини одамларга маълум қилганида, мусулмонлар ўша кунни байрамга айлантириб юборишарди. Шунинг учун ҳам тарихий китобларда пайғамбаримизнинг туғилган кунлари ҳар хил санада келтирилган.
Ўтган асрда газеталар энди чиқа бошлаганда жадид боболаримиз ҳам бизни тантанали тўй ва маросимларимиз хароб қилишини куюниб ёзишган. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудий шундай дейди: “Тўй ва таъзияға сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз, туронийлар илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.
Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, бугунги нарх-навонинг ошиши айрим оилаларни қийнаб қўяётганини ёзишмоқда. Биз эса ҳар куни битта пул сочадиган маросим ўйлаб топиш билан оворамиз. Тўйларимиз ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Пандемия сабаб 30 кишилик тўйга рози бўлган халқ бугун яна дабдабали тўйлар ўтказяпти.
Хулоса ўзингиздан, азизлар. Топганимизни билим олишга, фарзандларимизни илмли қилишга сарфламас эканмиз, ризқимизни бошқа давлатлардан излаб юрадиган миллатлигимизча қолаверамиз.
Хуршида Эрназарова.