Дабусия ёдгорлигида мудофаа девори топилди

Самарқанд давлат университети ўқитувчи, талабалари ҳамда Самарқанд археология институти илмий ходимлари Марказий Осиёдаги йирик ва муҳим тарихий минтақа ҳисобланган Дабусия ёдгорлигида археологик қазишма ишларини олиб бормоқда.

Қалъанинг шаҳристон қисмидаги қазишмалар натижасида қалинлиги 2-4 метрли мудофаа девори мавжудлиги аниқланди. Очиб ўрганилганда, турар жой ўринлари, сомонийлар ва қорахонийлар даврига оид бўлган танга-пуллар топилди.
- Дабусия ёдгорлигининг устки қисмида металл ва тошқуролнинг қайд этилиши, ўрта асларда бу кўҳна кентда нафақат кулолчилик ва ҳунармандчилик, балки металлсозликнинг ҳам ривожланганлигидан гувоҳлик беради, - дейди университет докторанти, экспедиция аъзоси Акбар Назаров. - Шунингдек, Дабусияда йигирмадан ортиқ бўлган бадраф ўринлари ҳам аниқланди. Бу ўрта асрларда Суғдда гигиенага алоҳида эътибор берилганлигини англатади.
Айни кунда экспедицияга университет ўқитувчиси, Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов раҳбарлик қилмоқда.

Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.