Давлат дастурига таклифим бор
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилди.
Юртимизнинг оддий фуқароси сифатида айрим таклифларимни билдирмоқчиман.
Дастур лойиҳасининг 65-бандида давлат акция пакетларини “Битта акция – битта лот” тамойили асосида сотиш тартибини жорий этиш белгиланган. Лойиҳада ушбу йўналишда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаб давлат акциялари савдосига аҳоли ва инвесторларни жалб этишни чекловчи акцияларни йирик миқдорда савдога чиқариш амалиётини такомиллаштириш назарда тутилади.
Таклифим: мазкур банд юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилаётганда маҳаллий аҳолининг кенг қатламини қимматли қоғозлар борасидаги билимларини оширишга ҳам эътибор қаратилса яхши бўларди. Уларнинг бўш турган маблағи ҳисобига акциядор бўлиб даромад кўриш борасида кўникма ривожлантирилса, қимматли қоғозлар бозорида янги рақобат муҳити юзага келади.
Дастур лойиҳасининг сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган 93-бандида 2019 йил 1 июлгача тегишли вазирлик ва маҳаллий ҳокимликлар сув истеъмолчилари уюшмалари сонини мақбуллаштириш, республика, вилоятлар ва ҳар бир туман (шаҳар)да ягона уюшма ташкил этиш ёки уларни ирригация бўлимлари қошида хўжалик ҳисобидаги корхона сифатида қайта ташкил этиш масаласида ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
Иккинчи таклифим туманларда суғориш тизимини марказлашган ҳолга келтириш лозим. Чунки бу сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини беради. Шу боис сув истеъмолчилари уюшмаларини туманлардаги ирригация бўлимларига қарашли хўжалик ҳисобидаги корхона сифатида бириктириш ва малакали сувчи мутахассисларни жалб этиш лозим.
Лойиҳанинг 241-бандида тегишли вазирлик ва идораларга 2019 йил 20 июлгача хорижий инвесторлар билан ишлашни ягона тизимга келтириш ва унинг самарадорлигини орттириш борасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш белгиланган.
Режада хорижий инвесторлар билан ишлашни ягона тизимга келтириш ва унинг самарадорлигини ошириш учун Ўзбекистон Инвестиция портали асосида “Invest in Uzbekistan” ягона порталини ишлаб чиқиш назарда тутилади.
Ягона порталда:
Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари, республиканинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятига алоқадор вазирлик ва идораларнинг ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;
хорижий тадбиркорлар учун Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти бўйича маълумотларни етказиш ва уларни доимий равишда янгилаб туриш;
Ўзбекистоннинг тадбиркорлик ва инвестиция соҳасидаги қонунчилиги, бизнес юритиш учун яратилаётган қулайликлар тўғрисидаги қисқа, лўнда ва мазмунли ахборотларни мунтазам жойлаштириш назарда тутилади.
Шу жиҳатдан учинчи таклифим ушбу порталда инвестор мамлакатлар (ёки жисмоний шахслар)нинг географияси, сармоя киритилаётган ҳудудлар ва соҳалар борасида ҳам очиқ маълумотлар бериб бориш лозим. Шунингдек, фойдаланилмаётган соҳаларга инвестиция киритган сармоядорларга имтиёзлар бериш ҳам хорижий сармоядорларни жалб этади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.