“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонунни қабул қилишдан мақсад нима?
Бугунги кунда юртимизда давлат фуқаролик хизматига кириш, хизматни ўташ ва тугатиш механизмлари, давлат хизматчилари ким эканлиги, уларнинг мақоми, ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини белгиловчи ягона қонун мавжуд эмас.
Шундан келиб чиқиб, агентлигимиз “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқди ва лойиҳани жамоатчилик муҳокамаси учун Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш портали (regulation.gov.uz)га жойлаштирди.
Мазкур қонун лойиҳаси давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, уларнинг касбга оид сифатлари, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбга лаёқатлилиги ва профессионаллигини оширишда шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Таъкидлаш лозимки, давлат фуқаролик хизматига кириш қоидаларининг тартиби дунёнинг деярли барча мамлакатларида мавжуд. Болгария, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Польша, Россия, Франция, Япония ва бошқа мамлакатларнинг давлат хизмати тўғрисидаги қонунларида хизматчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш, давлат хизматида ўсиш, бошқа давлат лавозимига ўтиш, меҳнатига ҳақ тўлаш, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш вақти ва меҳнат таътиллари кенг тартибга солинган. Хусусан, Жанубий Европа (Германия, Франция, Нидерландия ва бошқалар) ҳамда Шарқий Осиё (Япония) мамлакатларининг давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунларида давлат хизматига кириш тартиби батафсил ёритилган.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, давлат фуқаролик хизматида малакали кадрларни шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва уларни мансаб поғоналарида барқарор кўтарилиши, давлат органи ва ташкилотларининг сифатли ва самарали ишлашини таъминлаш ҳамда ташкил этишга хизмат қилади.
Давлат фуқаролик хизматини ҳуқуқий базасини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматида коррупция ва бошқа суиистеъмолликларнинг олдини олиш, самарали танлов тизимини жорий этиш ва давлат фуқаролик хизматчиларини касбга оид сифатлари ҳамда алоҳида хизматлари асосида кўтариш, шунингдек уларни малакасини мунтазам равишда ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйишга асос бўлади. Шунингдек, барча даражадаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳуқуқ, мажбурият ва чекловларнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш, давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга оид ягона тизимини яратишга олиб келади.
А.Абдуллаев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали етакчи инспектори.