Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат мукофотлари ва эсдалик нишонлари топширилди

Президентимизнинг шу йил 24, 25 ва 26 август кунларидаги турли соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги Фармонлари билан Самарқанддан 55 киши фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Бугун вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотлар ҳамда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони, вилоят ҳокимлиги фахрий ёрлиқ ва ташаккурномаларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Ватан ва юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойиларни яна бир бор юксак мукофот билан табриклаб, орден, медаль ва нишонларни тантанали равишда топширди.

Улар орасида давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган Эшбек Намуратов, “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвони соҳиби Нўъмон Облоқулов, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвони билан тақдирланган Шуҳрат Негматовлар бор.

– Ҳалол меҳнат қилган одам асло кам бўлмайди, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Эшбек Намуратов. – Камтарона хизматларим давлат мукофотига лойиқ топилганидан чексиз фахр ҳиссини туйдим. Бу биргина менга эмас, бутун булунғурликлар, қолаверса халқ оғзаки ижодиёти, фольклор, қадимий миллий куй-қўшиқларни кенг ёйишда хизмат қилаётган ижодкорларга берилган муносиб баҳо деб биламан. Мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида бор ижодим, куч-қувватим билан меҳнат қилиб, Президентимизнинг ушбу мукофотини оқлашга ваъда бераман.

Шунингдек, тадбирда вилоят фаоллари, депутатлар, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшларга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони, вилоят ҳокимлиги фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари ҳам топширилди.