Давлат мулкини ижарага олувчилар учун енгилликлар берилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги Низом билан давлат мулкини ижарага бериш тартиблари белгиланган.
Ушбу низом ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига кўра, вилоятда 2024 йилда давлат кўчмас мулкини ижарага бериш бўйича умумий майдони 423 895 квадрат метр бўлган бино-иншоотлар (бино қисмлари-хоналар)ни умумий қиймати 28,9 миллиард сўмлик 2162 та ижара шартномаси тузилган.
2024 йилда вилоятимизда 1700 дан ортиқ ижара шартномаларини расмийлаштириш ҳамда 23 миллиард сўмдан ортиқ ижара тўловларини ундириш режалаштирилган бўлса, йил якуни билан жами 32,8 миллиард сўм ижара тўловлари давлат бюджетига ундирилди.
2025 йилнинг ўтган даврида вилоятда умумий майдони 143 408,6 квадрат метр бўлган давлат мулки объектларининг бўш турган қисмлари (хоналари) 1001 та лотга бўлинган ҳолда бошланғич 19,4 миллиард сўмлик нарх билан ижарага бериш учун аукцион савдоларига чиқарилди. Шундан умумий майдони 111 470,6 квадрат метр бўлган 845 таси аукционда тадбиркорлар томонидан ютиб олинган ва йиллик ижара қиймати 25 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди.
Ўз навбатида, барча объектлар очиқ вa шаффоф механизмлар асосида аукцион савдоларига белгиланган ҳужжатлари илова қилинган ҳолда чиқарилади.
Президентимизнинг 2025 йил 21 апрелдаги “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги фармонида давлат мулкини ижарага беришни такомиллаштириш мақсадида:
- йиллик ижара тўловлари бир ой давомида тўланган тақдирда, шартнома тузилган санадаги Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади;
- олти ой давомида аукцион савдоларида ижарага берилмаган объектларнинг бошланғич нархи 50 фоиз пасайтирилган қийматда белгиланади. Бунда, аукционда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам, истисно тариқасида, у ўтказилган, деб ҳисобланади.
Абдувоҳид Янгибоев,
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.