Давлат органларида натижага асосланган бошқарув

Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш мақсадида Президентимизнинг тегишли фармонлари асосида ўтган йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташкил этилди.

Давлат органларида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш, ҳудудларда янги имкониятларни аниқлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат органларида инсон ресурсларини бошқариш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш агентлик фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Бошқарув самарадорлиги агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида янги тизим асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Авваллари агентлигимизни аксарият юртдошларимиз давлат хизматига ишга қабул қилишда синовлардан ўтазадиган ташкилот деб биларди, – дейди Бошқарув самарадорлиги агентлиги Самарқанд вилояти филиали раҳбари Азизбек Ибрагимов. – Президентимизнинг 2025 йил 19 июндаги “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 6 декабрда қабул қилинган “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари асосида фаолиятимиз тубдан ўзгарди. 2026 йил 1 январдан бошлаб Агентликнинг умумий мувофиқлаштируви остида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомидаги 33 та туман (шаҳар) ҳокимликларида, жумладан, вилоятимизнинг Булунғур, Пайариқ, Иштихон ва Каттақўрғон туманларида тажриба-синов тариқасида натижага асосланган бошқарув тизими жорий этилмоқда.

Хусусан, очиқ танловлар ташкил этиш йўналишида 2026 йилнинг биринчи чорагида vacancy.gov.uz портали орқали 573 та очиқ танловлар эълон қилинди ҳамда ушбу танловларда 22 минг 925 нафар номзод иштирок этди. 12 минг 417 нафар номзодлардан тест олиниб, танлов орқали 273 киши давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди. Шунингдек, вилоят тиббиёт муассасаларида мавжуд бўлган 669 та вакант лавозимлар учун портал орқали очиқ танловлар эълон қилинди ҳамда танловларда 3924 нафар номзод иштирок этди. Танлов орқали 176 киши тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилинди.

Фуқаролар муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш ҳамда мурожаатларига ўз вақтида жавоб бериш мақсадида махсус телеграм бот (@vacancy_argos_bot) ишга туширилди, филиалнинг “Ишонч телефони” (55-701-11-13) ташкил этилди. Давлат фуқаролик хизмати учун ўтказилаётган танловларнинг белгиланган талабларга мос равишда ташкил этилаётганлиги мунтазам ўрганилиб, йил бошидан буён танлов ўтказиш тартибларини бузган ташкилотларга 8 та тақдимнома, 2 та огоҳлантириш хати чиқарилди.

А.Ибрагимовнинг қайд этишича, миллий кадрлар захирасига 79 нафар (12 нафар аёл) номзод саралаб олинган бўлиб, ўтган даврда номенклатурадаги 8 та лавозимга раҳбарлар улар орасидан тайинланган. Салоҳиятли кадрлар захирасига эса маҳалалар раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари, ижтимоий ходимлар ва солиқ инспектори орасидан 115 нафар номзод саралаб олинган (уларнинг 32 нафари аёллар).

Инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш мақсадида мунтазам ўқув курслари ва семинарлар ташкил этилмоқда. Ўндан ортиқ давлат хизматчилари Туркия, Венгрия, Германия, Хитой ва Латвияда ташкил этилган ўқув стажировкаларида иштирок этди.

Филиал фаолиятининг муҳим йўналишларидан яна бири раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб борилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимининг 8 нафар ўринбосари, 16 та туман (шаҳар) ҳокими ва 94 нафар туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарларининг фаолият самарадорлиги аниқ рақамлар ва фактлар асосида баҳоланмоқда. Баҳолаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, барча маълумотлар “Samaradorlik.uz” ягона электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Йил бошида Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда вилоят ҳокимлиги ва 16 та туман (шаҳар) ҳокимликлари ходимлари, бошқарма бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда туман (шаҳар) бўлим бошлиқлари, жами 743 нафар давлат фуқаролик хизматчилари профилактик тиббий кўрикдан ўтказилди. Хавф гуруҳи касалликлари аниқланган 38 нафар ходимни даволатиш чоралари кўрилди.

Матбуот анжуманида филиал томонидан ҳудудларда янги имкониятларни аниқлаш ва бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида илгари сурилаётган ташаббуслар, шунингдек, тажриба-синов тарзида натижага асосланган бошқарув тизими жорий этилаётган тўрт туманда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Масалан, Иштихон туманида майизчиликни ривожлантириш ва кенгайтириш учун Сафохўжа  маҳалласида майизчилик ва қуруқ мевага ихтисослашган ХАБ ташкил этиш таклифи ишлаб чиқилган. Булунғур, Иштихон, Каттақўрғон ва Пайариқ туманларида қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизматлар йўналишларида қўшимча имкониятларни аниқлаш ва уларни ишга солиш бўйича лойиҳалар олинган. Текстил саноати жозибадорлигини ошириш, йўл бўйида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари - Pit Stop ташкил этиш, бозорлар ва ободонлаштириш бошқармалари самарадорлиги ўрганилиб, аниқланган муаммо юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган.

Тадбир давомида филиал ходимлари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.