Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 март куни “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш ҳамда атамашунослик бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди.
Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари ҳамда республикада доимий истиқомат қилаётган бошқа тилларда сўзлашувчи аҳоли, шу жумладан, хорижий фуқаролар учун университет ҳузурида юридик шахс мақомига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтлари ҳузурида ҳудудий бўлинмаларига эга бўлган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил этилди.
Давлат хизматчилари ва аҳолининг нутқ маданияти ҳамда нотиқлик маҳоратини ошириш, давлат тилида иш юритиш бўйича курслар ташкил этиш марказнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари пулли шартнома асосида ўқитилади. Аҳоли учун эса ўзбек тилида ёзма ва нутқ маданиятини шакллантириш бўйича бепул ўқув курслари ташкил этилади. Бепул ўқув курсларининг харажатлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида иш жойидан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчилар учун ўқиш даврида асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.
Шунингдек, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб республика таълим муассасаларида она тили ва адабиёти ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш ва узоқ ҳудудлардан ўқишга қабул қилинган талабалар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида давлат университетлари ҳамда педагогика институтларида ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитиш ташкил этилади.