Давлат хазинасидан 100 минг долларни ўғирлаган банкирларга суд ҳукми ўқилди
Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги АТ «Халқ банки» филиалининг валюта сақлаш сейфидан 100 минг АҚШ долларини талон-торож қилган банк бошқарувчиси ва икки нафар ходимига суд ҳукми ўқилди.
Бу ҳақда ЎзА мухбирига жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди судьяси Б.Ваҳобов ва жиноят ишлари бўйича Ёзёвон тумани суди раиси Б.Ҳайдаров маълум қилди.
Маълум бўлишича, АТ «Халқ банки» Фарғона вилояти филиалининг 2018 йил 24 октябрдаги буйруғи билан АТ «Халқ банки» Ёзёвон филиали бошқарувчиси вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланган С.Турсунбаев, бош ҳисобчи Б.Тиллаев ва касса мудири Г.Утановалар 2019 йил 25 январь куни АТ «Халқ банки» Фарғона амалиёт бўлими томонидан АТ «Халқ банки» Ёзёвон филиалига келган 300 минг АҚШ долларини қабул қилиб олган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг қарори билан тасдиқланган «Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқнома»га амал қилинмасдан С.Турсунбаев ва Б.Тиллаевлар ўзларига бириктирилган банкнинг нақд пул ва бошқа қийматликларни сақлаш омборига тегишли калит ва муҳрларини касса мудираси Г.Утановага топшириб қўйган.
Касса мудираси Г.Утанова банк бошқарувчиси вазифасини бажарувчи С.Турсунбаев, бош ҳисобчиси Б.Тиллаевларга бириктирилган калит ва лавозим муҳрлари билан омборхона эшигининг калит ва муҳрларини ўзида сақлаган. Банкнинг моддий жавобгар шахслари пул омборини ёпишдан аввал нақд пуллар ва бошқа қимматликларнинг бут сақланаётганлигини, уларнинг ҳисоби тўғри юритилаётганлигини ҳамда балансдаги маълумотларни, касса китобларидаги ёзувларни ва ҳақиқатда мавжуд бўлган нақд пуллар, қимматликлар қолдиқларига мос келишини текшириб кўришлари шарт, деб белгиланган. Аммо АТ «Халқ банки» Ёзёвон филиали банк бошқарувчиси вазифасини бажарувчи С.Турсунбаев ва бош ҳисобчиси Б.Тиллаевлар касса мудираси Г.Утановага йўриқноманинг талабларини бузиб, китобларга моддий жавобгар шахслар С.Турсунбаев ва Б.Тиллаевларнинг номларидан имзоларни ўхшатиш йўли билан бажариб келишига рухсат берган. Касса мудири Г.Утанова турли шаклдаги китобларни мансабдор шахслар номидан тўлдириб, уларнинг имзоларини ўхшатиш йўли ишни бажариб келган.
2019 йил 25 январь кунидан 2019 йил 5 февраль кунига қадар АТ «Халқ банки» Ёзёвон филиали банк бошқарувчиси вазифасини бажарувчи С.Турсунбаев, бош ҳисобчиси Б.Тиллаевлар моддий жавобгарлиги остида бўлган АТ «Халқ банки» Ёзёвон филиали балансининг ҳисобрақамида жами 218 минг 300 АҚШ долларидан 840 миллион 153 минг сўмга тенг бўлган 100 минг АҚШ долларини растрата қилиш йўли билан, касса мудираси Г.Утанова ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилади. Келгусида тергов ва суд идораларини улар томонидан содир этилган жиноятнинг фош этилишига йўл қўймасдан чалғитиш мақсадида 2019 йил 5 февраль куни соат 20:00 да АТ «Халқ банки» Ёзёвон филиалида 100 минг АҚШ доллари камомади келиб чиққанлиги ҳақида Ёзёвон тумани ИИБга хабар берганлар. Албатта, бу ҳийла иш бермади ҳамда уларнинг қилмишлари фош этилди.
Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон тумани суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, С.Турсунбаевга 5 йил икки ой, Б.Тиллаев ва Г.Утановага 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ва ҳар бирига икки йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. АТ «Халқ банки» Ёзёвон филиалига етказилган 100 минг АҚШ долларининг сўмдаги қиймати 862 миллион 451 минг сўмни судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.