Давлат хизматчиларининг малакаси оширилмоқда
Самарқанд шаҳрида “Ҳудудларни ривожлантиришни бошқариш” мавзусида қўшимча таълим дастури бўйича малака ошириш курслари ташкил этилди.
22-24 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланган ушбу таълим дастури Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Дастурдан кўзланган мақсад тингловчиларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришни бошқариш юзасидан билим ҳамда малакаларини ошириш.
Малака ошириш курсида агентлик филиалининг ходимлари, салоҳиятли кадрлар захирасига киритилган маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари, шунингдек, Самарқанд “Келажак лидерлари” клуби аъзолари тингловчи сифатида иштирок этмоқда. Курс давомида тингловчиларга Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг малакали мутахассислари томонидан бюджетлараро муносабатлар ва ҳудудий ривожланиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг стратегик устувор йўналишлари, агломерацияни бошқариш ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари, энг яхши минтақавий ва ҳудудий амалиётлар каби мавзуларда маълумот берилмоқда. Дастур иштирокчиларига семинар-тренинг шаклида ҳам ўқув машғулотлари ўтказиляпти.
Дастурни муваффақиятли тугатган тингловчиларга Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг сертификат ва дипломлари тақдим этилади.