Давлатлар чегаралари қайта кўриб чиқилиши керакми?
1975 йилда Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида чақирилган Европа ва Шимолий Америка давлатлари халқаро кенгашида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги дунё мамлакатлари чегаралари бундан буён дахлсиз ҳамда қатъий дея эълон қилинган ва бунга 35 давлат бошлиқлари, жумладан, собиқ СССР раҳбари Леонид Брежнев ҳам ўз имзосни қўйганди.
Афсуски, йиллар ўтиши билан ушбу халқаро ҳужжат оёқости қилинди. Собиқ СССРга ўзини қонуний ворис, дея эълон қилган Россия Федерацияси Украинадан Қрим ярим ороли ва Донбасс ҳамда Луганск вилоятларини ажратиб олди. Жанубий Осетия ва Абхазия Грузиядан, Приднестровье эса Молдавиядан қуролли тўқнашувлар воситасида тортиб олинди.
Шу ўринда битта тарихий фактни эслатиб ўтаман. 1990 йилда Берлин девори қулаб, ГФР ва ГДР ихтиёрий равишда бирлашганида, Буюк Британия премьер министри Маргарет Тетчер бунга қатъиян қарши чиққан эди. Ваҳоланки, у бундан севиниши керак эмасмиди?! Йўқ. У доно сиёсатчи сифатида беш қадам олдинда нима борлигини кўра билганди. Натижада, Европада чегараларни қайта тафтиш қилиш бошланиб кетди. Югославия уруш олови ичида қолди, Чехословакия иккига бўлиниб кетди, Косово, Хорватия, Босния, Герцоговина каби давлатлар пайдо бўлди.
Черногорияда бегуноҳ инсонларнинг қони дарё бўлиб оқди. Бугунги кунда ҳам чегараларни қайта тафтиш қилиш ақидаси асосида Италия, Франция, Испания, Буюк Британия, Нидерландия сингари Европа мамлакатларининг ҳудудий яхлитлиги шубҳа остига олинмоқда.
Шу маънода, кейинги даврда қарор топган давлат чегараларини қайта кўриб чиқишга уриниш катта-кичик урушларни келтириб чиқармоқда. Биргина Украинада 2014 йилдан буён қарийб 15000 одам қурбон бўлди.
Тоғли Қорабоғ можаросини ҳам шу асосда кўриб чиқадиган бўлсак, Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилиниб, унинг бир қисмининг ноқонуний йўл билан ажратиб олиниши жуда катта хато бўлган. Халқаро ҳамжамият ушбу хатони тузатиши ва шу билан бирга қайси давлатнинг ҳудудлари ноқонуний тарзда тортиб олинган бўлса, ўз эгаларига қайтарилиши керак.
Худойберди КОМИЛОВ,
"Зарафшон" газетасининг сиёсий шарҳловчиси.