Давлатлар Киевдан дипломатларини олиб чиқмоқда, Европа Иттифоқи Украинага 1,2 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратади

Европа Иттифоқи Украинага қўшимча 1,2 миллиард евро ажратади. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, “бу пакет ҳозирги можаро туфайли Украинага молиялаштиришга бўлган эҳтиёжини қондиришга ёрдам беради”.

У шунингдек, Брюссель тез орада 120 миллион евро миқдоридаги “мамлакатни модернизация қилиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун” иккинчи, узоқ муддатли ёрдам дастури устида иш бошлашини айтди.

«2014 йилдан бери Европа Иттифоқи ва Европа молия институтлари мамлакатга 17 миллиард евродан ортиқ кредит ҳамда грантлар ажратди. Украина эркин, суверен давлат, у ўз танловига ҳақи бор ва Европа Иттифоқи Украина томонида», деди Урсула фон дер Леен.

Шу билан бирга, НАТО Ирландия жануби-ғарбий қирғоқларидан 240 километр узоқликдаги Атлантика океанидаги халқаро сувларда Россиянинг ҳарбий машғулотларига жавобан қўшимча кучларни шай қилмоқда ва Шарқий Европага қўшимча кемалар, қирувчи самолётлар юбормоқда.

Ирландия ташқи ишлар вазири Саймон Ковени:
«Бу - халқаро сувлар, лекин шу билан бирга у Ирландиянинг яхлит иқтисодий зонасининг бир қисмидир. Машқларнинг олдини олишга бизда имконият йўқ, лекин мен Россиянинг Ирландиядаги элчисига бу номақбуллигини айтдим. Ҳозир Украина ва атрофида содир бўлаётган воқеалар контекстида ҳарбий фаоллик ва кескинликни ошириш вақти эмас»

Шу кунларда Буюк Британия Киевдан бир қатор дипломат ва уларнинг оила аъзолари эвакуация қилинишини эълон қилди. Лондон бу ҳаракатни Россиядан келаётган таҳдидга жавоб деб атади.

Аввалроқ АҚШ ва Франция ҳам Украинадаги элчихона ходимларини чақириб олаётгани ҳақида хабар берган эди.

Кремль Украинадаги танглик кучайишида айб Вашингтон ва НАТОда эканлигини айтмоқда ҳамда чегарадаги вазиятни “ахборот жазаваси” дея атади.