Даъвогарнинг талаби нега ўзгартирилди?
Оила кодексининг 73-моддасида ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шартлиги, ота-она фарзандининг тарбияси ва камолоти учун жавобгарлиги, соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгилаб қўйилган.
Олий суд пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорига кўра, болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларнинг судлар томонидан тўғри ҳал этилиши ота-оналарнинг ва болалар ҳуқуқларининг муҳофазасини, ота-оналарнинг болаларини тарбиялашдаги масъулиятлари оширилишини таъминлашга имконият туғдиради, ота-оналарнинг болалари манфаатларига зид бўлган ҳуқуқларидан фойдаланишларига барҳам беради, вояга етмаганлар қонунбузарликларининг олдини олиш чораларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Пленум қарорида суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда, вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарда тутган ҳолда боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, уларнинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.
Судда 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътибор олинади. Жумладан, Пахтачи туманидан О. исмли фуқаро жавобгар қайнонаси Л. исмли шахсга нисбатан ўз фарзандини тарбиясига ва қарамоғига олишликни сўраб, ФИБ Каттақўрғон туманлараро судига мурожаат қилган.
Даъвогар ўз даъво талабида турмуш ўртоғи билан ажрашганлигини, турмуш ўртоғи боласини ўз онасига, яъни йигитнинг қайнонасига ташлаб кетганлигини, фарзандини ота сифатида ўз тарбиясига олишликни сўраган. Лекин суд жараёнида, Пахтачи туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими васийлик ва ҳомийлик органининг ҳамда Пахтачи туманидаги Реабилитация ва ижтимоий мослашув марказининг психолог мутахассисларининг хулосасида бола отаси билан 4-5 йиллар давомида бирга яшамаганлиги, йигитнинг алимент қарздорлиги катталиги, йигитнинг бошқа оиласи ва фарзандлари борлиги, фарзанди қиз бола эканлиги, кўпроқ бувиси билан бирга яшаганлиги аниқланган.
Натижада даъвогарнинг даъво талаби ўзгартирилиб, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 44-моддаси кўра бола билан учрашиб туриш ҳақида даъво аризасига алмаштирилди. Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогар О. фарзанди билан учрашиш ва унинг тарбиясида иштирок этиш мақсадида ҳар ойнинг биринчи ва тўртинчи ҳафтасининг шанба куни соат 13.00 дан якшанба куни 15.00 га қадар онасига қайтариш шарти билан учрашиш белгилаб берилган.
К.Намозов,
фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди раиси.