Деҳқонободда 33 йил деганда 3 эгизак дунёга келди

Деҳқонобод туманида уч нафар эгизак қизалоқ дунёга келди. Чақалоқлар бугун, 5 ноябрь куни туғилган.

Эгизакларнинг онаси Лола Боймуродованинг айтишича, оила беш нафар қиз ва бир нафар ўғил фарзандидан сўнг яна ўғил туғилишини кутган.

“Олти нафар фарзандимиз бор. Уларнинг беш нафари қиз ва бир нафари ўғил бўлгани учун яна ўғил фарзанд дунёга келтираман, деб ният қилгандим. Шукурки, Яратган эгизак фарзандлар билан сийлади”, дейди эгизакларнинг онаси Лола Боймуродова.

Маълум қилинишича, эндиликда Лола Боймуродова ҳамда Абдувоҳид Алибоевлар хонадонида фарзандлар сони тўққиз нафарга етган.

“Деҳқонобод туманида эгизак фарзандларнинг туғилиши бундан 33 йил илгари — 1987 йил қайд этилган экан. Демак, туманимиз учун тарихий воқеа бўлди”, дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Фармон Жалилов.

Эгизак қизалоқлар ва уларнинг онасига туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди, дея хабар берди туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

“Туман ҳокими ҳамда шифокорларга раҳмат. Эътибордан четда қолдирмай, қувончимга қувонч қўшишди. Ҳоким ўринбосари туманимиз ҳокимининг махсус совға-саломини келтириб, фарзандларим туғилган кунида қувончимга шерик бўлди. Насиб этса, шундай шукрона кунларга атаб қизларимнинг бирини Шукрона деб атамоқчиман”, дейди эгизакларнинг онаси.

Қайд этилишича, 1,8, 1,6 ва 1 килограмм вазнда туғилган чақалоқларга Фотима, Зуҳра ва Шукрона исмлари берилиши ният қилинган.