Депутат анкетаси. Муаммо ҳал бўлмагунча мутасаддиларни тинч қўймаймиз
1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?
- 3-Сўзангорон сайлов округи 24 та маҳаллани ўз ичига олиб, мазкур маҳаллалардаги 8084 та хонадонда 15 минг 755 та оила ва 59 минг 336 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Жорий йилда округ ҳудудидаги 65-умумий ўрта таълим мактабини мукаммал таъмирлаш ҳамда Самарқанд шаҳридаги 23-сонли мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш режалаштирилган.
2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?
- Аҳоли билан доимий алоқа ўрнатиш, муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш мақсадида округдаги ҳар битта маҳалла фуқаролар йиғинига телефон рақамларим берилган. Шунингдек фуқароларни доимий қабул қилиш мақсадида Самарқанд шаҳар У.Жўрақулов кўчаси, 166-А уй манзилидаги “Samarkand Apparel” хорижий корхонасида депутат қабулхонаси ва қабул қутилари ташкил этилган.
Округимдаги аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни самарали ҳал этиш мақсадида 4 марта учрашув ташкил этдим. Мазкур учрашувларда Давлатшоҳ Самарқандий, Сарбон, Боғи Фируза ва Абдураҳмон Жомий маҳаллалари фаоллари ва аҳолиси томонидан 30 дан ортиқ муаммолар кўтарилди. Мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотларга 11 та депутатлик сўрови юборилди.
3.Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.
- Сайловчилар биланг мулоқотларда Давлатшоҳ Самарқандий кўчасининг 321 метр ва Минская кўчасининг 300 метр қисмига 2019 йилда дастур асосида шағал ётқизилган, текисланган, бироқ асфальтлаш якунига етказилмаган. Бу борада маҳалланинг 2019 йил 10 мартдаги хати асосида вилоят уй жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига мурожаат қилинган. Мурожаатга 2019 йил декабр ойида “Дилноза Капитал Инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2020 йил январга қадар асфальт ишларини якунига етказиш вада қилинган.
Бироқ феврал ойида ҳам ишлар бошланмаганлигининг гувоҳи бўлдик. Мазкур масалада Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига депутатлик сўрови юборилди. Берилган жавобга кўра, қайд этилган йўлни жорий таъмирлаш ишлари март ойида тугатилиши режалаштирилган.
Азиз АХРОРОВ,
3-Сўзангарон сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.