Депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги муаммоларни ўрганди

49-Равонак сайлов округидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутат Нарзиқул Холиқов Самарқанд туманидаги Талибарзуи поён маҳалласи аҳолиси билан учрашув ўтказди.

Депутат маҳалладаги таълим муассасаларида таълим сифати, камбағалликни камайтириш борасидаги сайловчилар фикри ва таклифларини тинглади.

Фуқароларнинг Боғитилла маҳалласидаги 43-умумий ўрта таълим мактабига олиб борувчи йўлнинг яроқсиз ҳолга келиб қолгани, ўқувчиларнинг мактабга келиб-кетиши учун пиёдалар йўлаги мавжуд эмаслиги, 32-мактабгача таълим ташкилотини газ тармоғига улаш ҳамда мактаб ва МТТ синфхоналарини кузатув камералари билан жиҳозлаш талаблари ўрганилди. Ўртага ташланган масалалар юзасидан Н.Холиқовнинг вилоят ҳокимлигига депутат мурожаати йўлланадиган бўлди.

Шундан сўнг ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган ногирон фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилди. Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган, ўзгалар парваришига муҳтож 6 нафар юртдошларимиз ҳолидан хабар олинди. Ушбу фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари тортиқ қилинди ҳамда уларнинг оилавий тадбиркорлик - тикувчилик, деҳқончилик билан шуғулланишлари учун кўмаклашишга келишилди.