Депутат пастдарғомлик ва самарқандлик сайловчилар муаммоларини ўрганди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвонов Паст Дарғом туманидаги маҳаллалар, хонадонлар, корхона ва муассасаларда бўлиб, аҳолини қийнаётган камчилик ва муаммолар юзасидан мулоқот қилди.

Ҳудудларда олиб борилган мулоқотлар давомида тумандаги 3 400 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Қоровултепа маҳалласидаги бир қатор ечимини кутаётган муаммолар борлиги аниқланди. Жумладан, маҳалладаги 350 нафардан ортиқ боғча ёшидаги болаларга замонавий мактабгача таълим муассасаси қуриш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш, симёғочларни алмаштириш каби масалалар юзасидан депутат назорати ўрнатилди. Шунингдек, Жағалбойли маҳалласидаги айрим кўчаларда тоза ичимлик суви муаммоси борлиги, 2011 йилда табиий газ тармоғидан узилган 345 хонадоннинг газ баллонларга бўлган эҳтиёжи, айрим кўчалардаги симёғочларни, эски трансформаторларни алмаштириш ҳамда қабристонга олиб борувчи йўлларни асфальт қилиш юзасидан келиб тушган таклифларга тегишли мутасаддилар жалб этилди.

Шунингдек, Ш.Полвонов Самарқанд шаҳридаги Хўжасоат, Ўрта Хўжасоат, Қуйи Хўжасоат ҳамда Сартепа маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудидаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, сайловчилар билан учрашув ўтказди.

- Аввалги учрашувларда 300 ўринга мўлжалланган мактабимизда болалар қамрови ошганлиги туфайли қўшимча бино қуришда амалий ёрдам сўрагандик, - дейди Ўрта Хўжасоат маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 72-умумий ўрта таълим мактаби директори Дилором Аҳмедова. - Депутатимиз кўмагида бугунги кунда яна 300 та ўринга мўлжалланган қўшимча бино фойдаланишга тайёрланди. Замонавий қурилган, барча шароитларга эга мактабимиз энди 600 нафар болажонларни ўз бағрига олади.

Азизбек БЎРИБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари.