Депутат сайловчиларига ҳисоб берди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев Нарпай ва Пахтачи туманларида сайловчилар билан учрашди.
– Нарпай туманининг Олтиўғил, Нўғай, Дўстлик, Аҳиллик махаллаларида аввало аҳоли хонадонларига кириб, уларнинг турмуш тарзи билан танишдим, дардларини эшитдим, – дейди депутат. – Сўнгра маҳалла фаоллари билан учрашиб, ўз фаолиятим ҳақида ҳисобот бердим, уларни тингладим. Уйма-уй юриш давомида, шунингдек, учрашувларда аҳоли асосан электр энергиясидаги узилишлар, тоза ичимлик суви таъминоти, ички йўлларини таъмирлаш, мактабларда ўқувчилар учун муносиб шарт-шароит яратиш бўйича муаммоларни ўртага ташлади. Ҳар бир савол, масала юзасидан тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, мутасаддиларга депутатлик сўрови ва мурожаатлар юборишимни айтдим.
Пахтачи туманида депутат иштирокида ёшлар билан учрашув ўтказилди. Мазкур тадбирда ҳам туман ёшлари томонидан олий ўқув юртларида ўқиш, касб-ҳунар ўрганиш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш масалалари бўйича йигирмада ортиқ мурожаат бўлди. Депутат ҳар бир масала бўйича белгиланган муддатда ёшларга жавоб беришини маълум қилди.