Депутат сўрови: Чақар маҳалласидаги электр таъминоти муаммоси кун тартибида
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шоҳрух Қудратов “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга аҳоли мурожаатлари асосида депутатлик сўрови юборди.
Маълум бўлишича, 4-Мустақиллик сайлов округи ҳудудида жойлашган Чақар маҳалласи фуқаролари томонидан бир қатор долзарб муаммолар кўтарилган. Хусусан, ҳудуддаги иккита трансформаторнинг таъмирталаб ҳолга келиб қолгани, электр энергияси кучланишининг пастлиги ҳамда тез-тез узилишлар кузатилаётгани аҳоли турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Аҳоли томонидан билдирилишича, хонадонлардаги электр кучланиши 160–170 вольт атрофида бўлиб, бу маиший техника ва бошқа электр жиҳозларининг ишдан чиқишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳолат нафақат қулайликларни чекламоқда, балки аҳолининг қўшимча харажат қилишига ҳам олиб келмоқда.
Шунингдек, Чақар маҳалласида мавжуд 42 та ёғоч электр устунлари ҳам бугунги кунда яроқсиз ҳолга келиб қолган. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу устунларни бетон устунларга алмаштириш орқали электр таъминотидаги узилишларни камайтириш мумкин. Айниқса, куз, қиш ва баҳор мавсумларида юзага келаётган узилишлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига жиддий таъсир ўтказмоқда.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида депутат томонидан тегишли ташкилотларга расмий сўров юборилди. Унда ҳолатни атрофлича ўрганиш, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан белгиланган тартибда маълумот тақдим этиш сўралган.
Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, депутат сўровларига белгиланган муддатларда жавоб қайтарилиши шартлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу масаланинг ижобий ҳал этилиши нафақат Чақар маҳалласи аҳолиси, балки ҳудуддаги фермер хўжаликлари учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.