“Девор”ни забт этган “тикан”

Дарахт ҳам, тикан ҳам уруғдан пайдо бўлади. Дарахт одамларга қанчалик фойдали бўлса, тикан шунча зарарли. Чунки, ана шу кичкина тикан кимнингдир товонига, кимнингдир қўлига санчилиши оқибатида азоб беради.

Энди ҳар биримиз ўзимизга савол берайлик: биз ишлаётган жамоада, яшаётган оилада, жамиятда тикан эмасмизми? Ўша тикан сингари ёнимиздагиларни яшашига, ишлашига, ривожланишига тўсиқ бўлмаяпмизми? Бу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз?

Келинг, мулоҳаза юритиб кўрайлик. Ушбу ҳолатлар юзага келишига қандай омиллар бор? Ёш авлод коррупцияга қандай муносабатда бўлмоқда?

Тўғри, сиз бунга аксар ҳолларда иқтисодий муаммони ёки талабалар билимининг етарли даражада эмаслигини сабаб қилиб кўрсатишингиз мумкин. Лекин шуни унутмайликки, ризқ, аввало, Aллоҳдан берилган. Уни ҳалол қилиб олиш эса ўзимизга боғлиқ. Шундай экан, бу сабабларни тўлақонли деб бўлмайди.

Энди ёшлар масаласига тўхталиб ўтсак. Улар қийинчиликларга қарши туришдан кўра уни осонгина четлаб ўтишни афзал билади. Буни ўргатганлар эса, албатта, биз катталар ҳисобланамиз. Чунки кўпчилик муаммоларни ўзимиз чиқарамиз: унинг истеъдодига қарамасдан тазйиқлар, босимлар эвазига баҳолаймиз. Гўёки, бизларнинг фикримизни ўқимаётгани учун уни айблаймиз. Бола оқибатда ҳамма нарсани нархлашга ўтади. Масала ўз-ўзидан кўпайиб боради. Биз аслида ёшларнинг ҳар бир фикрини тинглаб, уларга мотивация беришимиз ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун ҳеч қандай пул сарфлаши эмас, балки мақсад сари интилишлари кераклигини онгига сингдиришимиз зарур.

Шу ўринда фикримга бевосита алоқадор бўлган бир тарихий жараённи келтириб ўтмоқчиман. Қадимги хитойликлар тинч-омонликда яшашни истаганлар ва “Хитой девори”ни барпо этганлар.

– “Бу девор мустаҳкам, баланд ва ишончли ҳимоя воситаси, ҳеч ким бостириб кела олмайди, бизга ҳужум қила олмайди, ошиб ҳам кира олмайди”, - дея эътиқод қилганлар. Лекин “Девор” барпо этилгандан кейин хитойликлар юз йилдаёқ уч бора рақиблар ҳужумига дуч келдилар. Қуруқлик орқали келган душманларнинг ҳеч бири бу “девор”ни ағдариб ёки ёқиб юбормади, ошиб киришмади. Балки, ҳар сафар “девор” қўриқчиларига пора бериб, эшикдан кириб келаверганлар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, хитойликлар “Буюк девор” барпо этиш билан машғул бўладилар-у аммо ишончли, фидойи ва ҳалол қўриқчи инсон тарбиялашга эътибор қаратмайдилар.

“Ҳимоянгиз қанчалар мустаҳкам бўлмасин, сиз суянган атрофингиздаги кишилар ишончли, содиқ ва ҳалол бўлмаса, ҳимоя қўрғонингиздан наф йўқдир”, дейилган гапда қанчалар ҳақиқат борлиги исботини кўриб турибмиз.

Мамлакатни жар ёқасига етакловчи бундай кўринмас иллатларга қарши курашиш учун юртимиз тақдирини ҳар қандай мустаҳкам деворлардан ортиқ ҳимоя қилувчи, мард, жасур ва доно фарзандларни тарбиялаш лозим. Бунинг учун, аввало, ёшларимизни эътиқодини тўғри йўлда мустаҳкамлаш зарур. Чунки, эътиқоди мустаҳкам инсон эгаллаган илмида, ахлоқида, амалида собит бўлади.

Тикан ёки дарахт бўлиш эса ўзимизнинг ихтиёримизда. Бу танлов ҳаётимиздаги жуда кўп нарсаларни ижобий ёки салбий томонга ўзгартириб юборади. Танловда адашманг!

 Ориф Ҳaйитов,

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти проректори.