Донбассдаги эскалация: биринчи қурбонлар, ўққа тутиш ва ўзаро айбловлар

Ўтган шанба, 19 январь куни Донбассда Украина Ички ишлар вазири Денис Монастирский Олий Раданинг бир неча депутатлари, шунингдек, журналистлар - Америка CNN телеканали ва Франция агентлиги ходимлари ҳамроҳлигида операция зонасига ташрифи чоғида миномёт ўқи остида қолишди. Ҳеч ким зарар кўрмади.

Шанба куни ҳам Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчилари Донбасда бир кунда 1566 марта ўт очиш режими бузилишини қайд этди. 2020 йил июлидан бери биринчи шундай кўрсаткичлар қайд этилди.

Украина қўшма кучларининг операция штаб-квартираси икки украиналик аскар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Вазиятнинг кескинлашуви фонида Россия Мудофаа вазирлиги стратегик тўхтатувчи кучларнинг машғулотлари давомида «Кинжал» ва «Циркон» гипертовушли ракеталари, шунингдек, «Ярс» қитъалараро баллистик ракетаси учирилганида олинган кадрларни тарқатди. Владимир Путин Александр Лукашенко билан бирга машқларни Кремлдаги вазият марказидан кузатди.

Брюссел реакцияси

Донбасс атрофидаги вазиятни изоҳлар экан, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жосеп Боррел ўз баёнотида тинч аҳоли яшовчи нишонларни ўққа тутишда оғир қуроллардан фойдаланишни қоралади. Унинг сўзларига кўра, Брюссель ДХР ва ЛХРнинг Украина ҳужуми тайёрланаётгани ҳақидаги хабарларига ишонмайди. Боррел Россияни кескинликни пасайтиришни таъминлашга чақирди.

Зеленскийнинг таклифи

Сўнгги Мюнхен хавфсизлик конференциясида Владимир Зеленский Украина янада кучлироқ халқаро қўллаб-қувватлашга лойиқ эканини айтди ҳамда Ғарбни Россия босқинининг ҳар кунги янги саналарини эълон қилмасликка чақирди. Украина раҳбари Владимир Путин билан учрашувга тайёрлигини маълум қилди.

Владимир Зеленский, Украина президенти:
«Мен Россия Федерацияси Президенти нимани хоҳлаётганини билмайман, шунинг учун мен учрашишни таклиф қиламан».

Қочқинлар

Айни дамда, Донецк ва Луганскда умумий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Россиянинг чегарадош вилоятлари Донбассдан қочқинларни қабул қила бошлади.

Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Чуприян журналистларга ДХР ва ЛХРдан 61 мингга яқин қочқин Россия Федерацияси билан чегарани кесиб ўтгани ҳақида маълум қилди.

Бугун эрталаб Ростов-Дон шаҳрида тан олинмаган республикалар қочқинлари билан боғлиқ вазият бўйича фавқулодда вазиятлар комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Украина ҳукумати ўзини ўзи эълон қилган республикалар аҳолисини Киев назорати остидаги ҳудудга келишга чақирмоқда.