Дори воситаларининг нархи қачон мақбуллашади?
Аммо ҳануз дорихоналарда четдан импорт қилинаётган дори воситаларига 20 фоиздан кўп устама нархлари қўйилаётгани аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Жорий йилнинг январь ойида интернетдаги электрон почтамизга фуқаро Миразиз Рауфов Самарқанд шаҳридаги дорихонадан дори воситасини икки баробар қимматга олгани ва бошқа дорихоналарда унинг нархи анча пастлиги юзасидан шикоят билан мурожаат қилди. Унда жумладан, шундай дейилади:
"Яқинда Самарқанд шаҳридаги "Ferroplect pharm medical" 1-сон дорихонасидан "Цереброзилин 5*5" дорисини сотиб олдим. Нархи 275 минг сўм экан. Қизиқиб бошқа аптекадан сўрасам, айнан шу препаратни 143 минг сўм, деди. Дорини сотиб олган аптекага қайтиб, "Бу дори нега сизнинг дорихонангизда қиммат?", деб сўрадим. "Сиз олган аптекада эски нархда сотилган, бунинг нархи ҳозир ошган", деб жавоб берди у. Сўнгра яна бошқа дорихоналардан суриштирдим. Аслида "Церебролизин 5*5" препаратига қўйилган 127 минг сўм эски нархи эканлигини, ошган нархи эса 143 минг сўмлигини айтишди. Ҳафсалам пир бўлиб, яна дорихонага қайтиб келдим ва икки баравар қиммат нархга сотиб олган дорини қайтариб олишларини талаб қилдим. Аммо улар «Бизда сотилган дори-дармонлар қайтариб олинмайди», дея рад этишди. Сўнгра ушбу дорининг пулига бошқа дори беришни таклиф қилишди.
Қандай қилиб битта корхонада ишлаб чиқарилган дори нархи икки баробар қиммат бўлиши мумкин? Қачонгача дори воситаларининг нархи асоссиз кўтариб сотилади? Буни назорат қиладиган ташкилот борми?"
Хатни ўрганиш учун Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасига юбордик ва қуйидаги мазмундаги жавоб хати олдик:
"Хат ўрганиш жараёнида фуқаро Миразиз Рауфов Самарқанд шаҳар, Мулиён кўчаси, 14-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Отабек Камолов номидан мурожаат этганлиги маълум бўлди.
Фуқаро О.Камолов томонидан жорий йилнинг 17 январь кунида Самарқанд шаҳар "Ferroplekt farm medikal" МЧЖдан харид қилган "Церебролизин 5*5" дори воситаси жамиятга 2017 йилнинг 26 октябридаги 3860-сонли счёт-фактура билан ҳар бир қутиси 248 минг 412 сўм улгуржи нархда кирим қилинган ва 10,7 фоиз устама қўлланилган ҳолда 275 минг сўм чакана нарх белгиланган".
Жавобдан кўринадики, дорихона чакана нархни белгилашда ҳеч қандай хатога йўл қўймаган. Аммо кузатишларимиз давомида муаммога сабаб бўлган дори сотилишида бир неча номутаносиблик борлигини билиб олдик.
Яъни, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали рўпарасидаги дорихонада ушбу дори воситаси 150 минг сўм, "Амир Темур хазинаси" хусусий корхонасига қарашли дорихонада 158 минг 500 сўм сотилмоқда. Буни қандай баҳолаш мумкин? Бу борада мутахассис хулосасини олиш учун вилоят "Дори-дармон" акциядорлик жамияти тижорат ишлари бўйича директори Нурали Ҳусановга мурожаат қилдик.
– Юртимизда фармацевтика соҳасини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни самарали йўлга қўйиш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ва дори воситалари нархларини тартибга солиш мақсадида қарор ва фармонлар қабул қилинди, – деди у. – Аммо айрим тижоратчилар дори воситалари савдосига малакасиз тиббиёт ходимларини жалб этаётгани нархларнинг сунъий оширилишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, сотиб олинган маҳсулот учун харидорлар идентификацион маълумотлар (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори) билан бирга, дори воситасининг номи ва уларни берувчи шахсга оид маълумотлар, бериш санаси, нархи кўрсатилган товар чекини талаб қилиши лозим. Агар дориларнинг устама нархи ошганлигига шубҳа туғилса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда товар чеки асосида тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш ва бу ҳолат асосланса, қонун доирасида муассаса лицензияси бекор қилиниши ҳамда ходим уч йилгача ушбу соҳада ишламаслиги белгиланган.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.