ДТМ: Тўловни амалга оширмаган абитуриент тест синовида қатнашмайди

Пандемия туфайли 2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ҳужжатлар онлайн тарзда қабул қилинмоқда. Ҳозиргача Республика бўйича ўқиш истагида бўлган бир миллиондан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтган. Хусусан, Самарқанддаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганлар 92 мингдан ортди.

Давлат тест маркази томонидан абитуриентлар ва уларнинг яқинлари учун ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш бўйича олий таълим муассасалари, таълим йўналишлари, таълим тили ва шакли бўйича статистикани www.qabul.dtm.uz  кузатиб бориш имконияти яратилди.

Афсуски, бугунга қадар www.abitur.dtm.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг кўпчилиги тўловни амалга оширмаган. Шу ўринда таъкидлаш керакки, рўйхатдан ўтиб, жорий йилнинг 20 июлига қадар тўловни амалга оширмаган абитуриентлар тест синовларида иштирок эта олмайди.

Кимлар тўловни амалга ошириши лозим, деган саволга ҳам ойдинлик киритсак. Қуйидаги тоифаларга мансуб абитуриентлар тўловни амалга оширмайдилар:

Тўловлардан озод этилганлар

  • Таълим муассасалари (мактаб, лицей ва коллежлар)ни 2020 йилда тамомлаганлар;
  • Биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • Тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар.

Тест синови топширмайдиган абитуриентлар

  • Чет эл фуқаролари.
  • Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига (спорт, санъат, маданият ва ҳоказо) рўйхатдан ўтган абитуриентлар;
  • Тест синовларисиз, кўп балли тизим бўйича имтиҳон ўтказиладиган ва ўқитиш қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб бориладиган таълим йўналишларига рўйхатдан ўтганлар.

Тест синовларисиз имтиёз асосида талаба бўладиган абитуриентлар

  • Ота (она)си хизмат вақтида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари;
  • Ота (она)си хизмат вақтида ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари;
  • Ёшлар иттифоқи тавсияномасига эга абитуриентлар (республика босқичи ғолиблари);
  • Ҳарбий қисм қўмондонлиги ва ёшлар иттифоқи томонидан биргаликда бериладиган тавсияномага эга абитуриентлар;
  • Танлов ва мусобақа ғолиблари ҳамда давлат мукофоти соҳиблари (халқаро фан олимпиадаси, республика ва халқаро спорт мусобақалари, Зулфия номидаги мукофот, Ниҳол мукофоти, Ҳамшира танлови, Тарбиячи танлови, Бадиий академия, Мард ўғлон).

Эслатиб ўтамиз, абитуриентлар www.abitur.dtm.uz сайти орқали рўйхатдан ўтганларидан сўнг “Абитуриент қайд варақаси” шаклланади. Қайд варақасининг қуйи қисмида базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўловни амалга ошириш учун инвойс ҳосил бўлади. Инвойснинг қуйи қисмида онлайн тўлов тизимлари орқали тўловни амалга ошириш учун UPAY тўлов тизими ҳаволаси жойлашган бўлиб, улар орқали тўловни амалга ошириш имконияти яратилган. Умуман олганда, тўловни Click, Payme, Paynet каби электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали ҳам амалга ошириш мумкин.

Тўловни амалга оширган абитуриентлар тўлов муваффақиятли амалга оширилганини “Шахсий кабинет”лари орқали “Қабул-2020” бўлимига кириб билиб олишлари мумкин. Бунда уларнинг қайд варақасининг қуйи қисмидаги инвойс ўрнида “Тўловингиз муваффақиятли амалга оширилди” мазмунидаги хабар чиқади.

Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими.