Битирувчиларнинг якуний имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.
Кейинги йилларда битирувчиларга давлат томонидан олий таълим олиш бўйича катта имкониятлар, шарт-шароитлар яратилмоқда. Шулардан бири сифатида битирувчиларнинг ортиқча овора бўлмасликлари, фақат бир марта имтиҳон топшириш билан ОТМга кириш имкониятини яратиш назарда тутилмоқда.
Мактаб, академик лицейлар битирувчиларининг якуний давлат имтиҳонларини кириш тест синовларига тенглаштириш, яъни унификация қилиш тўғрисида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тегишли давлат органларига тақдим этилган.
Лекин олдинги йилларда битирган абитуриентлар учун кириш тест синовлари алоҳида ўтказилади.
Шу ўринда эслатиш лозим, битирувчиларнинг якуний имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади. Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари қандай тартибда бўлса, якуний давлат имтиҳонлари ҳам шу тартибда ташкил этилади (мактабларда эмас).
Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев маълум қилди.