Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Байден Исроил ва Украинага ёрдамсиз қонун лойиҳасини имзолади. Зеленский "Майдан" тайёрланаётгандан хавотирда

🔻 АҚШ президенти Жо Байден АҚШ Конгрессининг иккала палатаси томонидан маъқулланган федерал ҳукумат ишини Исроил ва Украинага ёрдамисиз вақтинча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

🔻 Россиянинг Астрахан шаҳрида 5 қаватли бинонинг бир томони қулаб тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган, бедарак йўқолганлар бор. Биринчи қаватда яшовчи шахс уйнинг таянч қисмини ўзгартиргани бино қулашига сабаб бўлган деб ҳисобланмоқда. Минтақада фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.

🔻 Ғазода ҳалок бўлганлар сони 11470 нафарга етди.

🔻 Исроил полицияси 7 октябрь куни ҲАМАС ҳужумида 260 киши ҳалок бўлган фестивалдан овоз мосламаларини ўғирлаган беш кишини ҳибсга олган. Гумонланувчилар ҳужумдан сўнг фестиваль ўтказиладиган жойга келишган ва 530 минг долларлик жиҳозларни олиб кетишган.

🔻 АҚШ президенти Жо Байден чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда Хитой раҳбари Си Цзинпинни Пекин норозилигига қарамай, Вашингтон Тайванга қурол етказиб беришни давом эттириш нияти ҳақида маълум қилди. Қурол-яроғ етказиб беришнинг давом этиши АҚШнинг Тайванни ўзини-ўзи мудофаа қилиш қобилияти билан таъминлаш истаги билан боғлиқ, дейди АҚШ.

🔻 Зеленский Украинада янги “Майдан” тайёрланаётганидан хавфсирамоқда. Унинг фикрича, Украина жамиятида “тартибсизлик” қўзғашга уринишларда Россия айбдор. Шунингдек, Зеленский Ғарб иттифоқчилари Киевга ёрдам беришни тўхтатса, Украина армияси чекинишига тўғри келишини тан олди.

🔻 Ереван давлат университетида портлаш юз берди, бир киши ҳалок бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш содир бўлган ертўлада санитария хизмати ходимлари кийим алмаштирадиган кичик хона жойлашган.

🔻 Туркия парламенти комиссияси Швециянинг НАТОга кириши ҳақидаги протокол муҳокамасини кейинга қолдирди.

🔻 Озарбайжон махсус хизматлари Бокудаги хорижий давлат элчихонасига қилинган қуролли ҳужумнинг олдини олди. Агентлик маълумотларига кўра, ноябрь ойида қуролли шахс террорчилик ҳаракатини амалга ошириш мақсадида Бокудаги хорижий дипломатик миссиянинг маъмурий биносига бостириб киришга уринган.

🔻 Молдова президенти Майя Сандунинг ити Австрия президенти Александр Ван дер Белленни тишлаб олган. Воқеа икки давлат раҳбарларининг Кишинёвдаги учрашувидан сўнг содир бўлган.

🔻 Британия Қироллик қурол-яроғлари коллекциясидан XIX асрга оид бронза тўп ўғирланди. Тахминларга кўра, ўғрилар қуролга экспонат сифатида эмас, балки металлолом сифатида қизиқиш билдирган.