Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Ироқда депутатнинг яқинларига қуролли ҳужум уюштирилди, Қозоғистонлик депутат россиялик ҳамкасбини психиатрга юборди

🔻 Ироқ шарқида маҳаллий депутатнинг қариндошларига уюштирилган қуролли ҳужум натижасида 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлган ёки яраланган. Фожиа пайшанба куни тушдан кейин Ироқнинг Дияла вилоятида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, номаълум шахслар автомобилга ўрнатилган портловчи мосламани ишга тушириб, сўнг одамларни ўққа тута бошлаган. Ҳужумчилар маҳаллий депутат Салоҳ Зайнийнинг қариндошларини нишонга олган.

🔻 Москва ва Киев ўртасидаги қарама-қаршилик янги босқичга ўтмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский баёнот берди. Украина Қуролли кучларининг ёзги ҳужуми қурол-яроғ ва шахсий таркиб етишмаслиги туфайли кутилган натижани бермаган. Аммо Украина Қуролли кучлари чекинмаяпти ва курашишда давом этмоқда, дейди Украина етакчиси. У Фаластин-Исроил можароси туфайли Киевга ёрдам камайишидан қўрқишини тан олди.

🔻 Қирғизистонда бозор савдогарлари ўртасидаги норозиликлар кетма-кет иккинчи кун давом этмоқда. Оламедин бозори савдогарлари митингга чиққан. 200 дан ортиқ тадбиркор назорат-касса машинаси ўрнатилишига қарши. Шунингдек, улар 1 январдан бекор қилинадиган патент тизимини сақлаб қолишни сўрамоқда.

🔻Германия Россиянинг Новосибирск, Екатеринбург ва Калининграддаги бош консулликларини ёпди.

🔻 Ғазо секторида сулҳ тугаганидан кейин 3 соат ичида 32 киши ҳалок бўлди.

🔻Россиялик депутат Евгений Федоровнинг Қозоғистон “бутунлай қонуний бўлмаган ҳудуд” деган баёнотига парламент депутати Марат Бошимов қаттиқ жавоб қайтарди. Бошимов Федоров 13 ёшли боладек ақл-заковатга эга ва унга руҳий жароҳатни психиатрда даволашни маслаҳат берди. Парламент аъзосининг айтишича, Қозоғистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳақидаги ёлғон, провокацион баёнотлари билан танилган Федоров яна шов-шув қилишга қарор қилган. Бошимов россиялик ҳамкасбларини жуда нозик сиёсий мавзуларда чиқишдан олдин ўйлаб кўришга чақирди.

🔻 Москвада озарбайжонлик тадбиркорларнинг “Садовод” бозори ёниб кетди. Жароҳатланганлар бор.

🔻 Илон Маск реклама берувчилар билан келишмаяпти. Маск реклама берувчиларни ҳақоратли сўзлар билан уни шантаж қилишда айблаган. Илон Маскнинг платформадаги антисемитизм деб баҳоланган баёнотлари туфайли "Х" ижтимоий тармоғида реклама беришдан бош тортган компаниялар билан зиддият авж олган.