Дунё воқеалари қисқа сатрларда: Зеленский: "Уруш қанча давом этишини ҳеч ким билмайди". Назарбоевнинг жиянига тегишли маблағ Қозоғистонга қайтарилди

🔻 Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг қарийб икки йиллик босқинидан кейин Россия билан уруш қачон тугашини “ҳеч ким” аниқ айтолмаслигини айтди.
🔻 Франция қишлоқлари сув тошқини туфайли ташқи дунёдан узилиб қолган. Бунга Шарента дарёсининг тошиб кетишига олиб келган кучли ёмғир сабаб бўлган. Сув сатҳи 6,09 метргача кўтарилган. Сенте шаҳрида ўттизга яқин кўча сув остида қолмоқда.
🔻 АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО хусий ҳарбийларини Қизил денгиздаги ҳужумларни тўхтатишга чақирмоқда. АҚШ Қизил денгизда Яманнинг хусий жангарилари таҳдидига қарши курашиш учун халқаро коалиция тузмоқда. Қизил денгизда тижорий юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш учун махсус операция бошланган. Хусийлар вакили Муҳаммад Абдул-Салом эса ҳужумларни тўхтатмаслиги ва яманлик исёнчилар Ғазо секторидаги Фаластин халқини қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган.
🔻 "Путин ғалаба қозонса нима бўлади?". Киевга ёрдам кўрсатиш бўйича келишмовчиликлар туфайли Европа давлатлари Украинанинг Россия билан урушдаги эҳтимолий мағлубияти оқибатларини, жумладан, Москванинг Шарқий Европадаги НАТО аъзолари учун юзага келиши мумкин бўлган хатарларни қайта баҳолашни кўриб чиқишни бошлаган.
🔻 Америка штатларидан бири - Колорадо Доналд Трампга президентлик сайловларида қатнашишни тақиқлади.
🔻 Бугун Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтади. Маълум қилинишича, мамлакатрнинг учинчи президенти ўзи даволанаётган клиникадан онлайн тарзда йиғилишга қўшилади. Эслатиб ўтамиз, Саакашвили 2021 йил сентабрь ойи охирида Украинадан яширинча Грузияга қайтган ва 1 октябрь куни Тбилисидаги квартиралардан бирида ҳибсга олинган эди.
🔻 Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши кураш хизмати собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдиулининг ноқонуний равишда олинган 120 миллион доллари мамлакатга қайтарилганини маълум қилди. Бу маблағ давлатга етказилган зарарни қоплаш учун республика бюджетига йўналтирилди, дейилади хабарда. Ўтган дам олиш кунлари эса Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Москвада Путин билан учрашгани маълум қилинди.
🔻 Қирғизистон парламенти депутатлари республика давлат байроғи дизайнини қисман ўзгартириш тўғрисидаги таклифни маъқуллади.
🔻 Канадада 2035 йилдан бошлаб фақат электр транспорт воситаларини сотишга рухсат берилади.
🔻 Ҳиндистон яқин бир неча ой ичида Арманистонга ўзининг “Акаш” зенит-ракета комплексларини (САМ) етказиб беришни бошлаш ниятида. Арманистон ушбу ҳаво мудофаа тизимларини Ҳиндистондан 600 миллион долларга сотиб олган.
🔻 "Жеймс Уэбб" космик телескопи ақл бовар қилмайдиган тасвирларни юборди. Ушбу суратда Уран сайёраси тасвирланган. Янги тасвир Қуёшдан еттинчи сайёрага биринчи қарашни шундай батафсил тақдим этади - тасвир бутунлай инфрақизил нурда, 2,1 ва 4,6 микрон тўлқин узунликларида олинган. Ҳалқалардан ташқари, Ураннинг баъзи йўлдошлари (жами 27 та) ва сайёранинг қутб қопқоғи кўринади. Уран қаттиқ юзага эга бўлмаган газли гигантдир, шунинг учун унинг қутбли ҳудудлари Ердаги каби қор билан қопланмаган, лекин кўп миқдорда муз кристаллари бўлган аэрозолга тўла.