Дунёда ўртача умр кўриш давомийлиги 80 йилда қарийб 30 йилга узайди

Мамлакатимизда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,1 ёшни ташкил этмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, 1945-йилда дунё бўйича ўртача умр кўриш давомийлиги 45 ёшни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, бу кўрсаткич 73,5 ёшга етди.

Сўнгги саксон йил ичидаги бундай ўсиш динамикаси Ер юзида қирғинбарот урушлар камайиши, ижтимоий тараққиёт ва энг асосийси, жаҳон тиббиётидаги ютуқлар билан боғлиқ.

Масалан, ҳозирги кунда дунёда яшовчи болаларнинг 80 фоиздан ортиғи қизамиқ, қоқшол, дифтерия ва пневмония каби хавфли касалликларга қарши эмланмоқда.

Илгари бу кўрсаткич атиги 5 фоизни ташкил этганини ҳисобга олсак, ривожланиш тенденцияси жадал суръатда давом этаётгани маълум бўлади.

Шунингдек, кейинги 25 йилда ОИВ/ОИТС, безгак ва сил касалликлари туфайли ўлим ҳолатлари сезиларли даражада камайган. Оналар ва болалар ўлими ҳам кескин қисқарган.

ЖССТ раҳбари глобал таҳдидлар ҳақида ҳам огоҳлантирди. У пандемиялар чегара билмаслиги, қисқа вақт ичида бутун дунё бўйлаб тарқалишини таъкидлади.

“Қолаверса, иқлим инқирози — яна бир жиддий муаммо. Агар бундай глобал таҳдидларга қарши биргаликда курашилмаса, вазият йилдан йилга ёмонлашиши мумкин”, деди Тедрос Гебрейесус.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда мамлакатимизда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,1 ёшни ташкил этмоқда. "Ўзбекистон — 2030" стратегиясига кўра, 2030 йилга келиб, бу кўрсаткични 78 ёшга етказиш устувор мақсад сифатида белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.