Дунёнинг энг номдор шахматчилари Самарқандда жам бўлди
“Ипак йўли” халқаро туризм университетида Самарқандда илк маротаба ўтказиладиган шахмат бўйича “Соҳибқирон кубоги” халқаро турнири олдидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Шахмат федерацияси вице-президенти Ҳусан Турдалиев, ливанлик бош ҳакам, халқаро арбитр Эллас Хайриллаҳ, халқаро гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов иштирок этиб, мазкур нуфузли турнир ва унинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Таъкидланишича, “Соҳибқирон кубоги” халқаро турнирида ўнга яқин мамлакатдан, хусусан, Арманистон, Озарбайжон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Украина, Тожикистон, АҚШ, Ўзбекистондан 18 нафарга яқин халқаро гроссмейстер, 10 нафар халқаро ҳамда 10 нафар ФИДЕ спорт усталари иштирок этади.
Турнир рапид ҳамда блисс йўналишида бўлиб ўтади. Мукофот жамғармаси 50 минг долларни ташкил этади. Шундан 40 минг доллари рапид йўналишидаги ғолибларга берилади.
Халқаро шахмат турнири ўтказиладиган “Ипак йўли” халқаро туризм университетида иштирокчилар учун жой ҳозирлаб қўйилди.
Эслатиб ўтамиз: “Соҳибқирон кубоги” халқаро турнири 2021 йилнинг 24-29 август кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Яна бир қизиқ маълумот: 2016 йилда Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан учта жаҳон шахмат юлдузлари, яъни украиналик халқаро гроссмейстерлар Руслан Понамарёв, озарбайжонлик Шахриёр Мамедяров ва Исроилдан келган Борис Гельфанд иштирокида Самарқанд шаҳрида шахматчилар учун мастер-класс ташкил этилган эди.
Ҳусан Элтоев.