ДХХ раҳбари иштирокидаги учрашувда ургутлик ёшларнинг муаммоларига ечим топилди
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи А.Ахмедовнинг навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви Ургут туманида ўтказилди.
Вилоят сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида ўтказилган учрашувда дастлаб бошқарма бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни бўйича 30 апрель куни ўтказиладиган референдум ва унинг моҳияти ҳамда Президентимиз раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва бандлигини таъминлаш масалалари ҳақида сўз юритди.
Учрашувда ургутлик йигит-қизлар асосан тадбиркорлик, ишга жойлашиш, банкдан кредит олиш, спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиш, китобхонлик ва компьютер саводхонлиги масалалари бўйича мурожаат қилишди ва ҳар бир муаммо, масалани ижобий ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланиб, масъуллар бириктирилди.
Жумладан, Испанза маҳалласида яшовчи Фозилжон Тиллаев IТ бўйича ўқув марказини кенгайтиришни сўради ва унга 50 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Қорабулоқлик Воҳиджон Эргашев эса оилавий боғчасининг фаолиятига рухсат сўраб мурожаат қилди. Бу масала бўйича мутасаддиларга масалани жойига бориб ўрганиш топширилди.
Учрашув давомида ташаббускор ёшларга эсдалик совғалари топширилди.