ДХХ томонидан бир қатор гиёҳванд моддалар контрабандасига чек қўйилди
ДХХ ходимларининг Божхона қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида пойтахтимизда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролар Ишмухамедов, Тўлаганов, Тоиров ҳамда Исломбековлар ушланиб, улардан мамлакатимизга халқаро почта жўнатмалари орқали контрабанда йўли билан олиб кирилган ва пойтахт ҳудудида сотилиши лозим бўлган 160 грамга яқин “кокаин” гиёҳванд моддаси ашёвий далил сифатида олинди. Ўзининг моддий манфаатларини ўзга инсонлар соғлиғи ва ҳаётидан устун қўядиган ушбу кимсалар кокаин моддасининг 1 грамини 300-350 АҚШ доллардан сотишни режалаштирган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказилган яна бир тезкор тадбир натижасида 1976 йил Сурхондарё вилоятида туғилган, айни пайтда Чилонзор туманида истиқомат қилувчи Абдушукур Турсунов тўхтатиб текширилганда, унинг ёнида 117 грамм “опий” ва 116 грамм “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлашитириб олинди.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида у мазкур гиёҳванд моддаларни 1965 йил Сурхондарё вилоятида туғилган, Денов шаҳрида яшовчи Абдусамат Очиловдан олганлиги маълум бўлди. У ҳам Тошкент шаҳрида процессуал тарзда ушланди ва унинг ёнидан 5 грамм “опий” моддаси олинди.
ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Янгиқўрғон тумани Қизилёзи маҳалласида яшовчи, 1952 йилда туғилган, муқаддам икки маротаба судланган Сайдисмон Қамбаров бошқарувидаги “Тико” русумли автомашина текширилганда, унинг юкхонасида 1085 грамм “гашиш” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, у Янгиқўрғон тумани Заркент қишлоғи, Маданият маҳалласи ҳудудидан ўтган давлат чегараси яқинида қирғизистонлик «Ақилбек» исмли шахсдан ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олган ва Наманган шаҳрида сотишни режалаштирган.
ДХХ ходимларининг вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Наманган шаҳрига киришда “Нексия” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, 1981 йилда туғилган, Наманган шаҳрида яшовчи Толиб Турғуновнинг ёнида 482 грамм “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси, вилоят ички ишлар ва божхона бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида 1986 йил Ургут туманида туғилган Ёдгор Баротов ҳамда 1976 йил Паст Дарғом туманида туғилган Аҳмад Расуловнинг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Улардан 1 килограмм 300 грамм “опий” ва 1 килограмм 490 грамм “марихуана” моддалари ашёвий далил сифатида олинди.
Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 160 граммга яқин “кокаин”, 1 килограмм 422 грамм “опий”, 1 килограмм 683 грамм “гашиш” ва 1 килограмм 490 грамм “марихуна” моддалари мусодара қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.