Самарқандда уйида гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд шаҳар ИИБ ходимлари 25 январь куни соат 6:40 ларда Самарқанд шаҳри Усмон Юсупов номли кўчада яшовчи 1960 йилда туғилган фуқаро О.О.нинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжаликларини кўздан кечирганида, гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилишга мўлжалланган бир дона 1,5 литр ҳажмдаги ва бир дона 1 литр ҳажмдаги махсус елим идишлар (баклашка), бир дона гугурт қутисига қадоқланган “марихуана” гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш ўсимлик уруғлари ва қоғоз бўлагига ўралган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси холислар иштирокида далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Самарқанд вилоят ИИБ эксперт-криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, фуқаро О.О.нинг  уйидан олинган бир дона яшил рангли, ўткир ҳидли, қуритилган ҳолдаги ўсимлик моддаси таркибида гиёҳванд модда “тетрагидроканнабинол” мавжуд бўлиб, бу модда “марихуана” гиёҳванд моддаси турига кириши, унинг умумий соф оғирлиги 2,45 граммга тенглиги; бир дона гугурт қутисига солинган оч яшил рангли ўсимлик уруғлари таркибида гиёҳванд модда топилмаганлиги, ўсимлик уруғларининг умумий соф оғирлиги 2,28 граммга тенглиги; икки дона елим идиш (баклашка)да гиёҳванд модда “тетрагидроканнабинол” модда излари топилганлиги кўрсатилган.

ИИВ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.