Э.Турдимов вилоят тиббиёт ходимлари билан учрашди
– Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 9 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, кейинги икки йилда мазкур соҳа бўйича кўплаб фармон ва қарорлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, халқимизга юқори сифатли, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш борасида кутилган натижага эришганимиз йўқ, – деди Э.Турдимов. – Ваҳоланки, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича муайян ишлар амалга оширилиб, бунинг учун давлат ва маҳаллий бюджетдан ажратилаётган маблағ салмоғи ошди. Шаҳар ва қишлоқларимизда янги замонавий тиббиёт муассасалари ташкил этилди. Соҳада хусусий тармоқнинг роли кенгаймоқда. Энди соҳа ходимлари ҳам эскича иш услубларидан воз кечиб, замон талабларига мос фаолият кўрсатиши лозим. Асосий мақсад – халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг тизимдан розилигига эришиш бўлиши керак.
Учрашувда туман ва шаҳарлардаги тиббиёт муассасаларида беморлар учун яратилган шароитларга танқидий баҳо берилди. Жумладан, Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасининг Челак шифохонасида иситиш тизимининг ишламаслиги, Самарқанд шаҳар марказий шифохонаси ва оилавий поликлиникаларда оддий муолажаларни бажариш учун ҳам етарли имконият йўқлиги қайд этилди.
Тадбирда мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари жалб этилган ҳолда вилоятдаги барча туман, шаҳар тиббиёт муассасалари фаолияти ўрганилиши, бу иш келгуси ҳафтада Пахтачи туманидан бошланиши таъкидланди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.