Эгри йўлни танлаган Раббона
Афсуски, диний илмим бўлмаганлиги сабаб бунинг оқибати қандай якун топишини вақтида англаб етмадим. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Бу йўлга бошқа кирмасликка ваъда бераман.
Бу эътиқоди сустлик қилиб, эгри йўлни танлаган иштихонлик Раббона Узоқовнинг пушаймони.
Гап шундаки, Раббона Узоқов 2014 йил 3 сентябрь куни "odnoklassniki.ru" ижтимоий тармоғига кириб, "Раҳимжон Узоқов" номли шахсий профилини расмийлаштирди. Ҳаммаси ўша кундан бошланди.
"Жиҳодчилар" диний экстремистик оқимининг ғоявий раҳнамоси ҳисобланган Абдували Мирзаевнинг "Абдували қори" номли видеолавҳа кўринишидаги ва бошқа бир нечта диний экстремистик ҳамда ақидапарастлик ғоялари билан суғорилган маърузаларини тинглаш Раббонанинг севимли машғулотига айланади. Аста-секин уларни профилидаги "ўртоқ"ларига тарқата бошлайди.
2016 йилнинг июль ойида ишлаш учун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига боради. "Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас", деганларидек, Р.Узоқов бу ишни ҳамхоналари ўртасида ҳам тарғиб қилади. Шунингдек, Сурияда бўлаётган воқеаларнинг видеолавҳаларини ҳам кузатиб боради.
Бироқ унинг "фаолияти" узоққа чўзилмади. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Раббона Узоқовнинг кирдикорлари фош бўлди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Б.САФАРОВ.