Экологик муаммолар ва хавфсизлик: Самарқандда халқаро мулоқот майдонига айланди

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида «Экологик хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва фавқулодда вазиятларни бошқариш интеграцияси: инсон ва табиатни ҳимоя қилишга интеграциялашган ёндашув» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда.

Университетнинг 60 йиллик юбилейи ҳамда 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ташкил этилган мазкур анжуманда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь ва бошқа давлатлардан етакчи олимлар, экспертлар ва амалиётчилар иштирок этмоқда.

Таъкидланганидек, бугунги глобал шароитда экологик муаммолар, ишлаб чиқаришдаги хавфсизлик ҳамда фавқулодда вазиятлар хавфини бошқариш масалалари тобора мураккаблашиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, саноат ривожи ва урбанизация жараёнлари инсон ва атроф-муҳит ўртасидаги мувозанатни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, мазкур конференция долзарб муаммоларга комплекс ёндашувни шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

- Ушбу конференцияда соҳа вакиллари экологик хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, саноат хавфсизлиги, энергия самарадорлиги, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бошқариш йўналишларида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижалари билан ўртоқлашмоқда, - дейди университетнинг меҳнат муҳофазаси ва саломатлик муҳандислиги кафедраси мудири Зикрулло Ясаков. - Уч кун давомида анжуман доирасида ялпи мажлислар, шуъба йиғилишлари, илмий муҳокамалар ҳамда тажриба алмашиш сессиялари ташкил этилади. Тадбир давомида инновацион технологияларни жорий этиш, хавфларни баҳолаш ва бошқаришнинг замонавий усуллари, шунингдек, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинади.

Ушбу анжуман нафақат илмий натижаларни тақдим этиш майдони, балки турли соҳалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва интеграциялашган ечимларни ишлаб чиқиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

Мазкур тадбир барқарор ривожланиш тамойилларини илгари суриш, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган илмий ва амалий ёндашувларни уйғунлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.