«Экспресс-саломатлик»: Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги инсонпарварлик лойиҳасининг илк натижалари

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик нафақат иқтисодий соҳаларда, балки ижтимоий лойиҳаларда ҳам ўз аксини топмоқда. Яқинда Самарқандда ҳозирга қадар 120 нафар кам таъминланган оила аъзоларининг кўзларига қайта нур бағишлаган лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳам айнан ана шу ҳамкорлик натижасидир.

Бугун Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тузилган дастурга асосан Хитой Халқ Республикасининг Халқаро ҳамкорлик марказининг соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси делегацияси вакиллари Самарқандга ташриф буюрди.

Дастурни амалга ошириш жараёни бошланиши муносабати билан Самарқанд вилояти кўз касалликлари шифохонасида анжуман ўтказилди. Унда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти вакиллари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

- Кейинги йилларда нафақат иқтисодий, сиёсий, балки ижтимоий соҳаларда ҳам Хитой билан ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда, - деди Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов. – Ушбу инсонпарварлик лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик беморларга кўрсатилаётган ёрдам учун хитойлик шифокорларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Лойиҳа доирасида 500 нафарга яқин кам таъминланган оила аъзоларининг кўзларига нур бахш этилиши режалаштирилган. Бу ҳамкорлик доираси янада кенгайиши, шифокорларнинг ўзаро тажриба алмашинуви ва бошқа йўналишларда ҳам давом этиши кутилмоқда.

- «Экспресс-саломатлик» дастури МДҲ давлатлари ўртасида биринчи бор айнан Ўзбекистонда амалга оширилмоқда, - дейди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси масъул ходими Чжан Вэньчуан. - Бундан икки йил аввал Хитой Халқ Республикаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи давомида, қолаверса, ШҲТ давлатлари ўртасида ўтказилган анжуманларда ҳамкорликни ривожлантириш хусусида қатор келишувлар имзоланганди. Ушбу инсонпарварлик лойиҳасининг Ўзбекистонда амалга оширилаётгани мана шу келишувларнинг амалий натижаларидан биридир. Биз бундай ҳамкорликни янада кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз.

Анжуман давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонованинг мазкур лойиҳа иштирокчиларига муваффақият тилаб йўллаган мактуби ўқиб эшиттирилди.

Айтиш керакки, мазкур лойиҳа доирасида айни пайтга қадар Самарқанд вилояти кўз касалликлари шифохонасида 120 нафарга яқин кам таъминланган оила аъзоларининг кўз билан боғлиқ касалликлари бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шу йилнинг 3 декабрига қадар давом этадиган ушбу жарроҳлик амалиётлари давомида Сурхондарё, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасидан келган 500 нафарга яқин беморларга шундай операциялар ўтказилиши кўзда тутилган. Бепул ўтказилаётган мазкур операциялар ҳозирги ҳисоб-китобларга қараганда, ҳар бири ўртача 2 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача бўлган жарроҳлик амалиётлари саналади. Лойиҳа доирасида Пекиндан «Экспресс-саломатлик» дастури асосида тўрт нафар юқори малакали офтальмолог жарроҳ, тиббиёт ходимлари ташриф буюрди. Шунингдек, жарроҳлик учун зарур замонавий аппаратлар, дори-дармон, зарур жиҳозлар ҳам келтирилди.

- Бир йилдирки, бир кўзим хиралашиб, анча қийналиб қолгандим, - дейди Оқдарё туманининг Болта қишлоғидан келган Зиёда Раҳмонова. – Кеча хитойлик шифокорлар кўзимни операция қилиб, гавҳар қўйишди. Мана, бугун оламни бутун ранги билан кўраяпман. Шифокорларнинг қўли дард кўрмасин.

Гулруҳ МЎМИНОВА.