Электр энергияси учун 200 кВт. лимит хонадонингиз учун етарли бўляптими?

Кеча, 3 июль куни телеграмм каналимизда шу савол билан сўровнома берган эдик. Унда аксарият иштирокчилар "Йўқ, бу лимит реал истеъмолга мос эмас", деган фикрда экани маълум бўлди.

Сўровномада 1,6 минг нафардан зиёд фойдаланувчи иштирок этди. Шундан 82 фоизи ана шу жавобда эканини билдирган. Шунингдек, иштирокчиларнинг 12 фоизи "Ҳа, етарли бўлди", деган жавобда тўхталган. Фақат 6 фоиз респондентлар “200 кВт.дан озроқ ошди, тежаб ишлатсам етиши мумкин” деган тўхтамга келган.

Телеграм фойдаланувчилари сўровномада иштирок этиш билан бирга, ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам ёзиб қолдиришган. Уларнинг ҳам аксарияти электр энергияси учун белгиланган 200 кВт.лик ойлик лимит кам эканлигини ҳамда фойдаланилган электр энергияси учун тўлов қиммат эканлигини билдирган.

Масалан, Орифжон номи билан телеграм канал очган фуқаро “Қишлоқ ҳудудида яшайман. Табиий газ йўқ. 24 соат электрдан фойдаланаман. Электр токи билан уйларни иситаман. Жуда қиммат бўлиб кетяпти”, деб ёзган. “Наврўз” номи билан телеграм очган фуқаро эса “Топган пулимизни электрга тўлашга тўғри келмоқда. Қиммат жудаям, камига электр энергияси қуввати жуда паст”, деган.

Шунингдек, иштирокчилар “Бу қарорни қаерга, нимага қараб чиқаришган. Албатта, 200 кВт. етмайди”, “Оддий кичкина икки хонали “дом”лар 350-400 кВт. ишламоқда, шундаям тежаб...”, “Шу лимитни депутатлар, сенаторлар бошқатдан қишлоқ ва шаҳар шароитларидан келиб чиқиб, хонадонма-хонадон кириб, кўриб чиқиб, белгиласа, яхши бўларди. Тўғри, бу қийин, машаққатли иш, вақт ҳам талаб қилади. Лекин аҳолининг тўлов имконияти, халқ манфаатини ҳаммасидан устун қўйиб, қарор қилинса маъқул бўларди” каби фикрларни билдиришган.

Шу билан бирга ўзининг номини ошкор қилмаган телеграм фойдаланувчиси бир иқтисодчининг электр энергияси ҳақидаги таҳлили билан ўртоқлашган: «Электр энергиясига қўйилган ижтимоий норма ва тарифлар тўғрисида бир маълумот — 2017 йил сентябрда доллар курси 4150 сўмдан 8040 сўмга кўтарилганда электр энергияси тарифи 204,30 сўм эди. Яъни, долларда тариф 5 центдан 2,5 цента тушди.

Кейин тариф бироз оширилиб, 2019 йил 15 августда 295 сўм бўлди ва 2024 йил 1 майгача ўзгармай турди. Доллар бу орада 8040 сўмдан 12650 сўмгача чиқди.

...Орадан 7 йил ўтиб, энди тариф ўзининг олдинги қийматига қайтди. Яъни, шунча йил давомида доллар билан бирга ҳамма нарсанинг нархи ошиб келди, ойликлар ошди, лекин энергетика соҳаси йилдан-йилга ошиб бораётган харажатларни ўзгармас даромад билан ёполмай, зарарга кириб борди.

...Яна бир бошқа ракурсдан қараш — ойига ўртача 350 кВт.соат ишлатадиган хонадон электр учун 225 000 сўм тўлайди. Бу кунига 7500 сўм дегани. Одамлар кунига ёки кунора ўзларига 15 000 сўмга 1 пачка сигарет, ё бир халтача нос, ҳафтасига бир марта 50 000 сўмлик ароқ ва 50 000 сўмлик закуска (кунига 15 000 сўмга боради) ёки телевизор кўриб, эрмак қилгани “Пепси” ва писта (20 000 сўмга боради) сарфлайди. Лекин шунча оғирини енгил қиладиган электр энергияси учун кунида 7500 сўмдан кетаётганига арз қилади...”.

Албатта, телеграм каналимиз ва сайтимизда электр энергияси ишлаб чиқарилиши катта маблағни талаб қилаётгани, шу пайтгача аҳолига электр токи ўз таннархидан паст қийматда етказиб берилаётгани, хонадонларнинг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун маълум миқдордаги маблағ сарфланиб келинаётгани ҳақида хабар ва таҳлилий мақолалар бериб бордик. Тўғри, аҳоли учун аввал белгиланган 295 сўмлик тариф харажатларни умуман қопламаслигини оддий истеъмолчилар ҳам англаб етди. Шунинг учун 1 май кунидан тариф 450 сўм этиб ва ойлик фойдаланиш лимити 200 киловатт этиб белгиланди.

Бироқ сўровнома натижасидан англанадики, одамлар учун лимитнинг 200 кВт. этиб белгилангани ва ундан ортганига 900 сўмдан тўлов қилиш маъқул эмас. Демак, 200 кВт/соат электр энергияси аҳолига етмаяпти.

Бу ҳолатга соҳа мутахассислари изоҳ берар, деб умид қиламиз.