Энди тиланчилик қилганларга жазо қўлланилади
- Бозорларда, автобуслар тўхташ жойларида, айниқса, зиёратгоҳларда тиланчилар кўп. Улар чет эллик сайёҳларни ҳам безовта қилади. Буни тартибга солиш шунчалик қийинми?
Нурбек ИСЛОМОВ,
Қўшработ тумани.
Очиғи, шу пайтгача бу ҳолат учун жавобгарлик белгиланмаган. 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Жумладан, кодекс 1271-моддаси билан тўлдирилди. Унга кўра,
Аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –
икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Наврўза МАМАСАЛИЕВА, Жомбой туманаро ФИБ суди судьяси.