Талончи тиланчиларга чора кўрилди. Самарқанд шаҳридаги ҳолат юзасидан вилоят ИИБ муносабат билдирди
2020 йилнинг 4 февраль куни Zarnews.uz телеграм каналида давомийлиги 17 сониялик “Тиланчилар энди талончиликка ўтдими? Қонунчиликда тиланчиликни таъқиқловчи нормалар белгиланган. Бироқ қонун ижросини ким таъминлайди? Назорат органлари қаерга қараяпти?” дейилган видеолавҳа тарқалди.
Мазкур ҳолат Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ушбу тасвирдаги ҳолат Самарқанд шаҳар Алишер Навойи кўчасида рўй берган бўлиб, икки нафар вояга етмаган қизлар, кўчада ўтиб кетаётган қизнинг қўлида бўлган нарсани олиб қўймоқчи бўлганлиги тасвирланган.
Бугунги кунда Самарқанд вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан тиланчилик билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш, уларнинг фаолиятига чек қўйиш мақсадида доимий равишда рейд тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, ўтказилган рейд тадбирлари давомида вилоят ички ишлар органлари ходимлари томонидан жорий йилнинг 1 февраль кунидан 4 февраль кунига қадар 62 нафар тиланчилик билан шуғулланиб келаётган шахслар ички ишлар бўлимларига келтирилиб, қонуний чоралар кўрилган.
Мазкур видео тасвирдаги ҳолатни содир қилган шахсларни қидириб топиш юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу ҳолат 2011 йилда туғилган Э.И. томонидан содир қилинганлиги, вояга етмаган шахсни тиланчилик қилишга Самарқанд шаҳар Елезарова кўчасида яшовчи, 1997 йилда туғилган М.Х. жалб этганлиги аниқланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилди.
***
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 январь кунидаги ЎРҚ-514-сон Қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига «Тиланчилик қилиш», деган янги моддалар киритилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 188-3-моддаси. Тиланчилик қилиш.
Аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 1271-моддаси. Тиланчилик қилиш
Аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
в) бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса — уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.