Тожикистонда болалар ўртасида тиланчилик ва дайдилик кўпаймоқда

Тожикистонда бугун вояга етмаган болаларнинг тиланчилик қилиши долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Тиланчилик қилиб юрган болаларни мамлакатнинг барча аҳоли гавжум ҳудудларида учратиш мумкин. Охирги йилларда ИИВ ҳатто мамлакат бўйлаб ота-оналарга болаларини тиланчиликка чиқармасликларини сўраб тез-тез мурожат қиладиган ҳам бўлди.

"Мен ҳар кун тиланиб 50 сомони йиғаман ва уни олиб келиб ойимга бераман. Ойим уни ижара учун тўлайди. Мен кўчама-кўча юрмайман, асосан чорраҳаларда, светофорлар олдида тураман. Светофорнинг қизил чироғи ёниб, машиналар тўхтаганда ҳайдовчи амакилардан пул сўрайман" деб ҳикоя қилади тиланчилик қилиб юрадиган бир қизча. Унинг исми Нозанин. У ижара уйда онаси, опаси ва акаси билан бирга яшайди.

Нозанин 9 ёшда бўлишига қарамай мактабга бормайди. Унинг талаффузида озгина нуқсони бор. Гапирганда сўзларни қийналиб секин талаффуз қилади.

"Ака ва опам тиланчилик қилишмайди. Улар мактабда ўқишади", дейди у.

Биз у билан суҳбатлашганимизда у изоляторда ўтирганининг иккинчи куни эди. У онаси келиб олиб кетишини кутарди.

Тожикистонда Нозаниндай тиланчилик қилиб юрган болалар оз эмас. Улар аксарияти тиланчиликка оғир ҳаёт мажбур қилганини ва ноиложликдан нон топиш учун тиланчилик қилиб юрганини айтади.

Лекин, шунчаки ўз уйида яшашни хоҳламай, дайдиб, тиланчилик қилиб юрганлари ҳам кўп.

16 ёшли ўсмир бола билан суҳбатлашганимизда у ўзининг исмини айтишни хоҳламади.

Уни ярим кечада Душанбе шаҳридаги кўчалардан биридаги чорраҳада тиланчилик қилаётганида милиция ходимлари ушлаб келишган.

Ўсмир Роғун шаҳридан экан.

Ўзининг айтишича у Роғундан Душанбени томоша қилиш учун келган ва адашиб қолган. Шундан сўнг қорин тўйдириш ва уйга қайтиш йўлкираси учун тиланган. У Роғундаги мактаблардан бирида 11-синфда ўқийди ва Душанбеда танишлари йўқ экан.

Милиция ходимларининг айтишларича, ҳар куни бу ердаги болаларни олиб кетгани турли ота-оналар келишади. Шунда ходимлар ота-оналарга ўз болаларига эътиборлироқ бўлишни сўрашади.

Аммо, болаларнинг, айниқса ўсмир ёшдагиларнинг маълум қилишларича кўпинча ота-оналари уларни "ишлаб пул топиб кел" деб ўзлари уйдан чиқариб юборишади.

Тожикистон ИИВ маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўрт ойи давомида мамлакат бўйлаб маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этгани учун 6696 нафар бола бўлинмаларга ушлаб келинган.

ИИВ вояга етмаганлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Абдусаттор Фаттоҳзоданинг айтишича, шу ўтган тўрт ой ичида милиция ходимлари мамлакат бўйлаб умумий 2188 та рейд ўтказишган.

Рейдлар давомида 1936 ўсмир дайдиб юргани учун, 298 та бола тиланчилик қилиб юргани учун, 235 таси бозорлар ва турли базаларда оғир юк ташиб, кўтариб, оғир ишларда ишлаб юргани учун, тўртта вояга етмаган ўсмир қиз фоҳишалик қилиб юргани учун, ўндан ошиқ ўсмир эса спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда юргани учун бўлимларга олиб келинган.

Душанбе шаҳридаги вояга етмаганларни вақтинча қабул қилиш ва тарқатиш бўлими бошлиғи Баҳодур Ҳамроҳзоданинг айтишича мамлакатда кўплаб вояга етмаган дайди ва тиланчи болаларнинг бўлиши бу огоҳлантирув қўнғироғидир.

"Тўрт ой мобайнида биргина Душанбе шаҳрининг ўзида 149 нафар кўчаларда дайдиб ёки тиланчилик қилиб юрган болалар бўлимимизга ушлаб келинди. Уларни аввалига ота-оналари қидириб келгунча ушлаймиз ва ота-оналарига топширамиз. Ҳеч ким сўраб келмаганларини эса манзилларини олиб хабар юборамиз.