Жазодан мақсад - шахсни ахлоқан тузатиш ва қайта жиноят содир этишининг олдини олиш

Судлар томонидан ҳар қандай жиноят учун адолатли жазо тайинланиши одил судловнинг муҳим кафолати. Нега деганда, адолатли жазо ундан кўзланган мақсад – маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум ва бошқа шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Мазкур тамойил содир этилган ҳар қандай жиноят турига тегишли бўлиб, айниқса, коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун икки карра аҳамиятли. Чунки коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликни белгилаш ва жазо тайинлаш, яъни коррупцияга қарши курашнинг жиноят-ҳуқуқий ва жиноят-процессуал механизмлари ҳақида фикр юритганда, ушбу атаманинг моҳиятини англаб олиш муҳим аҳамиятга эга.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясига кўра, коррупция - бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллат саналади. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади. Ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисаларнинг илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Аксарият одамлар коррупция сўзини тор маънода, яъни мансабдор шахсларнинг ўз мансаб мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб, содир этадиган порахўрлик билан боғлиқ қилмиши сифатида тушунади.

Бу эса ушбу тушунчанинг моҳиятини тўлақонли англаш имконини бермайди. Коррупция сўзи асли лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “бузилиш” деган маънони англатади.

Мамалакатимизнинг амалдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида, қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.

Демак, кенг маънода, коррупция деганда - бу мансабдор шахс ёки давлат хизматчиларининг нафақат порахўрлик жиноятларига оид қилмишлари, балки ўзларининг мансаб ёхуд хизмат мавқеини суистеъмол қилиб, шахсий ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари йўлида сиёсий ҳомийлик, маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчиликка йўл қўйиши ҳам назарда тутилади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик деганда эса коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш тушунилади.

Шунга кўра, Жиноят кодексидаги коррупция билан боғлиқ жиноятлар тоифасига 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-модда (фирибгарлик), 192(2)-модда (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш), 192(10)-модда (нодавлат-тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш)ни иқтисодиёт соҳасидаги коррупцияга оид жиноятлар; 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш); 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш); 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги); 209-модда (мансаб сохтакорлиги); 210-модда (пора олиш); 211-модда (пора бериш); 212-модда (пора олиш беришда воситачилик қилиш)ни бошқарув тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар; 236-модда (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш), 238-модда (ёлғон гувоҳлик бериш), 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) кабиларни судловга қарши коррупцияга оид жиноятлар; 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)ни жамоат тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар тоифасига киритиш мумкин.

Амалдаги Жиноят кодексида коррупция билан боғлиқ ушбу жиноятлар учун турли хил жавобгарлик доираси ва жиноий жазолар белгиланган.

Хусусан, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш тегишли ҳолатлар мавжуд бўлганида ўта оғир жиноятлар сифатида 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан (максимал) жазоланиши мумкин.

Шу билан бирга, жиноятларнинг содир этилиш усули, сабаблари, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, суд айбдор шахсга жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, хизмат бўйича чеклаш каби муқобил жазоларни ҳам тайинлаши мумкин.

Масалан, пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора олиш такроран, хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан ёки бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора олиш жуда кўп миқдорда ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонунда айни шу тарзда бошқа жиноятлар учун ҳам турли жазо чоралари назарда тутилган бўлиб, судлар ҳар бир ҳолатда айбдор шахсга унинг ахлоқан тузалиши, жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишга эришиш учун зарур ва етарли жазо чораларини қўллаши мумкин.

Шу билан биргаликда, суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда Жиноят кодексининг Махсус қисми моддасида назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин.

Содир этилган қилмиш хусусиятларини ифодаловчи ҳолатлар, яъни айбдорнинг шахси, айбнинг шакли ва даражаси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, шахснинг жиноят содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атвори жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топилиши мумкин.

Албатта, судлар томонидан ушбу хавфли қилмишга қўл урган шахсларга нисбатан адолатли ва қонуний жазо тайинланиб келинмоқда.

Юқоридаги моддалар билан айбдор деб топилган шахсларга ҳам турли жазо чоралари қўлланилиб, судлар ҳар бир ҳолатда айбдор шахсга унинг ахлоқан тузалиши, жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда янги жиноятлар содир этилишининг олдини олиш учун зарур ва етарли жазо чоралари тайинланган.

Шу нуқтаи назардан, коррупцияга оид жиноятларни ўз вақтида аниқлаш, чек қўйиш, оқибатларини, имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Президентимизнинг жорий йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга, яъни қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, конституционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқлиги таъкидланиб, бу борада, аввало, суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, одил судлов ҳар қандай жиноий қилмишга ҳуқуқий баҳо беради.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.