АҚШда энг кўп қидирилган жиноятчи

Нега одамлар уни қаҳрамон деб билиб, полициядан яширишга ҳаракат қилган?

АҚШ жиноий дунёси тарихида кўплаб ашаддий гангстерлар бўлган, лекин уларнинг баъзилари одамларда қўрқув ва нафрат эмас, балки самимий ҳамдардликни уйғотган.

Расмийлар энг кўп қидирувда деб эълон қилган жиноятчи, Ёқимтой лақабли Чарльз Флойд кўп йиллар давомида қўлга тушмади. Ажабланарлисиоддий фуқаролар унга бу борада фаол ёрдам беришар, уни полициядан яшириб, бошпана беришарди.

Чарльз Флойднинг илк йиллари

Чарльз Артур Флойд 1904 йилнинг 3 февралида Жоржия штатининг Адэрсвилл шаҳрида туғилган. 18 ёшида Флойд биринчи марта қонунни бузиб, дўконга ўғирликка кирди, лекин унинг биринчи ўлжаси жуда камтарона бўлди. Атиги 3,50 доллар (бу ҳозирги пулда тахминан 50 доллар).

1925 йилда у Сент-Луисга кўчиб ўтди ва у ерда инкассаторни қуролли талон-торож қилгани учун ҳибсга олинди. Суд уни беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди, уч йилдан кейин Флойд бошқа қамоққа тушмасликка ваъда бериб, озодликка чиқди. Оила қуриб, фарзандли бўлди, лекинўғри ўғрилигича қолади” деган гап рост бўлиб чиқди.

Кам маошли ишга қаноат қилмай, у Канзас ва бошқа штатлар ўртасида ҳаракатланиб, банкларни талон-торож қила бошлади. Баъзиларнинг тахминига кўра, Флойдни жиноий ҳаётга қайтишга рафиқаси ундаган, чунки у заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо кийимларни яхши кўрарди, эрининг эса бундай нарсаларни сотиб олишга қурби етмасди.

Қандай бўлмасин, у банкларга янада фаолроқ ўғирликка кира бошлади. Шу даврда ўзининг ажойиб кўриниши, сартарошхонадан “чиқмаслиги”, қимматбаҳо костюмлари ва ўзини тутиш услуби туфайли ўз даврининг энг машҳур гангстерларидан бирига айланди. Чарльз Флойд Америка расмийлари назарида 1-рақамли халқ душмани” бўлиб машҳурликка эга бўлди.

Нега одамлар бу жиноятчини яхши кўрган?

Бундай ҳурматнинг сабаби шундаки, “Ёқимтой Флойд” лақаби билан машҳур қаҳрамонимиз ўғирликлари пайтида нафақат пулларни олиб чиқиб кетарди, балки ипотека қоғозлари ва кредит шартномаларини ҳам йўқ қилиб юбориб, шу орқали оддий фуқароларни қарздорликдан халос қиларди.

1930 йилларда ипотека ва кредит шартномалари фақат шаҳарнинг алоҳида туманлари ёнидаги банк кассаларида сақланганлиги сабабли ушбу ҳужжатлар фақат бир нусхада бўларди, йўқ қилингач, кўпгина одамлар банклардан қарздор бўлмай қоларди.

“Ёқимтой Флойднинг ҳаракатлари туфайли шу тарзда бир неча минг киши 30 йил, ҳатто 50 йил муддатдаги кредит мажбуриятлари ва ипотека тўловларидан озод бўлиб, уй-жойларини (амалда) давлат совғаси сифатида олганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. 

Шунинг учун полиция бир неча йил давомида Флойдни ҳибсга ололмади. 1930 йилларда уни қўлга олиш учун Америка ҳукумати 5 000 (бугунги пулда  100 000) доллар ваъда қилган эди, кейинчалик бу миқдор 23 000 (бугунги пулда  500 000) долларгача ўсди. Одамлар полиция билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишди, баъзилари ҳатто Флойд тунаб қолиш учун ўз уйларидан жой бериб, уни яширишарди.

Шунга қарамай, 1934 йилда ФБР агентлари “Ёқимтой” яширинган жойни аниқлашга муваффақ бўлди ва қочмоқчи бўлган пайтда содир бўлган отишмада отиб  ўлдирилди.

Эртаси куни 40 мингга яқин оклаҳомаликлар Куксон Хилл тепаликларидаги Робин Гудни сўнгги манзилга кузатиб қўйиш учун унинг дафн маросимига келишди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.