Оқ цемент, сув ва оловга чидамли декоратив суратлар

Хабар берганимиздек, Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” кўргазмалар мажмуасида “BUILD PRO EXPO-2025” қурилиш соҳасидаги тўртинчи халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Унда маҳаллий корхоналардан ташқари Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Беларус, Россия, Озарбайжон каби 10 дан ортиқ хорижий давлатлардан келган 70 га яқин компания ва ишлаб чиқарувчилар 700 га яқин маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Кўргазмада қурилиш материаллари, муҳандислик тизимлари, профессор-ўқитувчиларнинг соҳага оид илмий адабиётлари,  интерьер ва экстерьер дизайн, архитектура, "ақлли" технология ва барқарор қурилиш маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Кўргазма очилишида иштирок этган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида қурилиш-пудрат ишлари 7 фоизни, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш жами саноатда 8,2 фоизни ташкил этишини таъкидлади. Бу кўрсаткичлар ушбу соҳанинг нақадар муҳим эканлигидан далолат беради. Қурилиш моллари ишлаб чиқарадиган корхоналар сони 1700 дан ортган ва улар томонидан йилига қарийб 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Мазкур кўргазмада илк бор Туркия технологияси асосида кўмир ёқилғисида тайёрланган 500-600 маркали оқ цемент тақдим этилди. Бу қурилиш хомашёси бино-иншоотларнинг ташқи қисмларига ишлов бериш, кўтарма конструкциялар, бетон плиталар, қолаверса, мустаҳкам пойдевор қоришмаларида ҳам қўл келади.

Жомбой туманида жорий йилнинг май ойида иш бошлаган “Мармакс ҳолдинг инвест” масъулияти чекланган жамияти “PLASTECO” бренди остида 40 хилдан ортиқ кўринишдаги эгилувчан панеллар билан иштирок этмоқда.

- Бу маҳсулотимиз тўлиқ маҳаллий хомашёдан – пластмасса ва тош аралашмасидан тайёрланади ва ультрафеолит лак ёрдамида декоратив сурат жойлаштирилади, - дейди жамият директори Амин Ёрбобоев. – Маҳсулотни кафель ўрнида уй, ишхона, меҳмонхона, идоралар, ҳаммомларда ички пардозлаш ишларида ишлатиш мумкин. Маҳсулотимизнинг афзаллиги шундаки, у сув ва оловга чидамли. Ҳозирда республикамизнинг барча вилоятларида маҳсулот сотишни йўлга қўйдик. Қўшни давлатлардан ҳам буюртмалар тушмоқда. Афғонистоннинг 4 та вилояти ва россиялик тадбиркорлар билан экспорт ҳамкорлиги борасида келишув олиб боряпмиз.       

Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2024 йилда Ўзбекистонда 233,8 триллион сўмлик (2023 йилга нисбатан 8,8 фоиз кўп) қурилиш ишлари амалга оширилган. Ҳозирда эса республикамизда 27 мингдан ортиқ қурилиш ташкилотлари фаолият юритмоқда.

Паст Дарғом туманидаги “OPTIMA WINDOWS” масъулияти чекланган жамияти асосан эшик-ром, улар учун резина ва ПВХ профиллар ишлаб чиқаради. Мазкур корхона жорий йилдан 7000 серияли 5 камерали беко фортс профил ишлаб чиқаришни йўлга қўди. Шунингдек, Туркия, Германия технологияси асосида Европа стандарти асосида эшик-ромлар ишлаб чиқариш бошланди.

5 ноябргача давом этадиган кўргазмада ўтган йилга нисбатан архитектура-дизайн, стартап лойиҳалар, илмий ишланмалар, муқобил энергияга асосланган муҳандислик ечимлари кўпроқ намойиш этилмоқда.

Кўргазмада қурилиш соҳасидаги илмий ишланмалар, янгиликлар, инновацион ечимлар, архитектура-дизайн, замонавий шаҳарсозлик моделлари намойиш этилиши билан бирга соҳа вакиллари учун мутахассислар иштирокида халқаро қурилиш форуми ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Ўктам Худойбердиев.