Қидирувдаги «Captiva» топилди

Қидирув тадбирлари давомида ушланган “Captiva” автомашинаси эгаси автоуловсиз қолишни истамай, масалани танишлари орқали ҳал қилишга уринди.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси қидирув шуъбасига Самарқанд шаҳар судининг 2022 йил 18 октябрдаги қарорига асосан жавобгар У.Ю.дан акциядорлик тижорат “Капиталбанк” Самарқанд филиали фойдасига 126 миллион 652 минг 256 сўм кредит қарзини ундириш ва қарздорга тегишли “Captiva” русумли автотранспорт воситасига қаратиш бўйича ҳужжат келиб тушган.

Ижро жараёнида қарздор бир неча бор огоҳлантирилганига қарамасдан қарзни тўламаган. Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

"Қидирув тадбирлари давомида ушланган “Captiva” эгаси автоуловсиз қолишни истамай, масалани танишлари орқали ҳал қилишга уринди, аммо бу уринишлар самарасиз бўлди. Натижада автотранспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилди.

Агар қарздорлик белгиланган муддатда тўланмаса, автотранспорт воситаси қонунда белгиланган тартибда баҳоланиб, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади", дейилади МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабарида.