Автомобилида одам жасади борлигини айтиб, давлат рақам белгисини яширган ҳайдовчи жаримага тортилди
Жорий йил 7 январь куни Жиззах вилояти ҳудудида жойлашган "Манас-14" мунтазам йўл-патруль хизмати масканидан ҳаракатланиб ўтаётган, давлат рақам белгиси устига "Груз-200" ёзуви ёзилган қоғозни ёпиштириб олган "Кобальт" русумли автомобиль тўхтатилганда, ҳайдовчи автомобилда одам жасадини олиб кетаётганлигини айтган.
Холислар иштирокида автомобиль салони ва юкхонаси текширилганда, ҳайдовчининг сўзлари ёлғон эканлиги, ҳайдовчи йўллардаги фоторадарларга тушиб қолмаслик, тезликни меъёридан ошириб транспорт воситасини бошқариш мақсадида ана шундай ёлғонни ўйлаб топганлиги маълум бўлган.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати берган хабарга кўра давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган ашё ўрнатган ҳайдовчига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси, 7.15-бандида белгиланган талабларни бузганликлари бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддаси 2-қисми бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.