Деҳқон хўжаликларнинг даромади гектарига ўртача 55 миллион сўмга етди

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ва лалми ҳайдалма ерлар, бўз ерлар, кўп йиллик мевали-резавор дов-дарахтлар, токзорлар ва бошқа дарахтлар билан банд бўлган ерлар, яйлов ва пичанзорлар очиқ электрон-аукцион савдоси орқали юридик ва жисмоний шахсларга 30 йил муддатга ижарага бериш тизими йўлга қўйилган. Хўш, бу тартибда ер ажратиш тизими қандай ишлайди, кимларга ер ажратилади?

Шу каби саволларга вилоят Матбуот уйида вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Алиев ва бошқа масъуллар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

-  Деҳқон хўжалиги юритиш учун ташкил этиладиган очиқ электрон танловда 1 нафар талабгор иштирок этса ҳам электрон-аукцион савдосида 0,3-1,0 гектаргача ер майдонлари ижарага асосида берилади, - дейди У.Алиев. – Бунда маҳалла еттилигининг тавсиясига асосан ижтимоий дафтарларга киритилган, ногиронлиги бўлган ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ер ажратиш белгиланган. 

2022-2024 йилларда вилоят туманларида аҳоли пунктларига яқин бўлган пахта ва ғалла экиладиган 24 минг 491 гектар ер майдони қисқартирилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун электрон аукцион савдо орқали ижара хуқуқи асосида 73 минг 602 нафар фуқарога ажратилди.

Маълумот учун, 24 491 гектар майдонда пахта ва ғалла етиштирилганда ўртача ҳосилдорлик бир гектар пахта майдонига гектарига 25 центнер, ғалла майдонига ҳосилдорлик гектарига 50 центнер олинганда бир гектар пахта майдонидан 19,3 миллион сўм, бир гектар ғалла майдонидан 12,5 миллион сўм даромад олинади. Бугунги кунда ушбу ер майдонларига сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ва мойли экин экилиши ҳисобига 1 гектар майдондан ўртача 54 миллион сўм даромад олиниши ёки пахта ва ғаллага нисбатан гектарига 3-4 карра юқори даромад олинишига эришилмоқда.

2026 йилдан хориждан келтирилган чигит экилмайди

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 мартдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида “Э-уруғ” ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2025 йилдан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштирадиган субъектларни танлаб олишнинг янги тартиби жорий этилди.  

"Уруғчиликни ривожлантириш маркази" вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Қосимовнинг журналистларга маълум қилишича, бунинг учун қишлоқ хўжалиги корхоналари ёки фермер хўжаликлари “Э-уруғ” ахборот тизими орқали электрон шаклда аризани қисқа вақтда топшириш ва ўзининг имкониятларини аниқлаш учун 1 баллдан 10 баллгача шкаладаги рейтинг баллари бўйича маълумотларни олиш каби қулайликлар яратилган.

Масалан, танлов ўтказиш бўйича ўтган йилларни таҳлил қиладиган бўлсак, пахта, ғалла ва бошқа экинлар уруғчилигида ҳар йили ўртача 600 га яқин қишлоқ хўжалиги корхонаси ва фермер хўжаликлари танловда иштирок этиш учун қоғозда 10 та шакл 2 нусхада тўлдирилиб, камида 7-8 та туман ташкилотидан имзоланар эди. Мазкур қоғозбозликларга ўртача 10-15 кун вақт кетишини ҳисобга олсак, фермер хўжалигининг дала деҳқончилик ишлари 20 кунгача кечикиб кетишига сабаб бўларди. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши юқоридаги қоғозбозликларга, сарсонгарчиликларга барҳам берди ва пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермерларга 20 гектардан 100 гектаргача бўлган майдонда уруғлик етиштириш учун ариза топшириш имкони берилди.

Шунингдек, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги иштирокчилар электрон танловда қатнашиш учун “Э-уруғ” ахборот тизимида очилган ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараварига тенг, яъни 750 минг сўм маблағни жойлаштирган ҳолда ариза топширади.

Журналистларнинг Хитойдан чигит келтирилаётганининг сабаблари ҳақидаги саволга масъуллар Хитой ғўзаси кўсак қуртига чидамли ва толасининг узунлиги билан боғлашди. Мақсад олимларимиз томонидан иккала навни чатиштириб, касалликка чидамли нав яратишга қаратилган. Бу мақсадлар қайсидир даражада ўзини оқлади ва 2026 йилдан хориждан чигит олиб келинмайди ва маҳаллийлаштирилган навлар экилади.