Эндиликда олийгоҳларни молиялаштириш тўпланган баллга қараб амалга оширилади

Давлатимиз раҳбари ректорлар ваколатини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий қилиш зарурлигини таъкидлади

Эндиликда, “Янги Ўзбекистон” университетининг баҳолаш тизими олийгоҳларда ҳам йўлга қўйилади.
Молиялаштириш олийгоҳлар тўплаган балларига қараб амалга оширилади.
Олийгоҳларга битирувчилар бандлигига қараб – 40 балл, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини сотишига қараб – 30 балл, илмий салоҳияти, тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари учун – 20 балл; тадқиқотлар учун жалб қилган маҳаллий ва хорижий грант учун 10 баллгача берилади.

Масалан, Қарши техника университети жами балларнинг 85 фоизини тўпласа, бу йилги бюджетдан берилаётган 78 миллиард сўмга қўшимча 20 фоизлик бонус берилади. Агар 56 фоиздан кам тўпласа, кейинги ўқув йилига молиялаштириш қисқаради.
Миллий университет, Ирригация каби илмий олийгоҳлар, Маданият ва санъат, Консерватория каби ижтимоий олийгоҳларни техника йўналишидаги амалий олийгоҳлар билан тенглаштириб бўлмаслиги қайд этилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга рейтинг мезонларини ишлаб чиқишда буни ҳам ҳисобга олиш топширилди.
Бундан буён битирувчиларни ишга жойлашда ўзини ўзи банд қилганлик инобатга олинмаслиги белгиланди.
Кўп масалаларда ректорларга мустақиллик берилади. Аввало, барча олийгоҳлар ташкилий ва академик мустақил бўлади.

Яъни, ректор ўринбосарларини ўзи тайинлайди (амалдаги тартибга кўра, вазирлик билан келишиш керак).
Бунда ҳар бир номзод олийгоҳ кенгашида ўзининг йиллик дастурини ҳимоя қилади.
Ректорлар белгиланган молиялаштириш ва штати доирасида профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимларини ўзи тақсимлайди.
Бундан ташқари, ректорларга “супер” контракт суммасини табақалашган ҳолда белгилаш ваколати берилади.