Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энг арзон совғангиз қайси?

Ўтган куни дўконга кирган пайтим беихтиёр қулоғимга шу сўзлар чалинди.

"Энг арзон совға излаётган ким экан?" дея қизиқдим. Ёш қиз экан. Ёнида ўттиз ёшлардаги аёл жуда бетоқат туриб, қизни қистаяпти: "Бўл тез, худди ўзингга бирон нарса олаётгандек танлашингни қара, олайлик тезроқ бирон нима ўша чолга" деди. "Нима, қилай опа, ҳамма нарса қиммат-ку" деди қиз асабийлашиб. "Совға ким учун, танлашиб юбораман" деди сотувчи.

- Э, сўраманг, идорамизда ўтган замонда ишлаб кетган бир чолга-да. Ўзимиз танимаймиз ҳам. Бошлиғимиз 9 майга ҳар икки ходимга бир нафар ишлаб кетганларни йўқлаб келишимизни буюрди, ўлсин, - деди аёл баттар асабийлашиб.

- Арзон совғалар қолмади, ҳаммага шундай топшириқ берилган, шекилли, -деди сотувчи.

Ниҳоят улар энг арзон совғани топишди- ташаккурнома соладиган рамка.

- Бунинг ичида ҳеч қандай расм йўқ-ку, қуруқ рамкани совғага олишганини биринчи кўришим, - дедим улар танловига аралашишга ҳаққим бўлмаса ҳам ўша, ёшлигини, умрини тиккан ишхонасидан йўқлаб борган ходимларнинг совғасидан қандай ҳолга тушишини кўз олдимга келтириб.

- Ишлаган йилларидаги расми бўлса, ишлатиб шу рамкага солсангиз бошқа гап, - дейман яна.

Менинг тавсиям уларга ёқмади.

- Эй, жон десин уйига сўраб борганимизга. Совға расмда кўриниш учун холос, у кишига ёқадими-йўқми нима ишимиз бор. Расмини топширишимиз керак экан бошлиққа...

Улар рамкани олиб чиқиб кетишди. Албатта, менга ола қарашни ҳам унутишмади.

9 май – Хотира ва қадрлаш кунини мен кўнгилларни кўтариш, обод қилиш, дийдор байрами, дегим келади. Лекин аксарият ташкилот, муассаса раҳбарлари томонидан табаррук, бутун умрини шу эл, қайсидир соҳа ривожи учун бахш этган кексаларни фақат ҳисобот учун йўқлаш авж олаётгандек назаримда. Ахир бу қайтар дунё. Тўғри, совғанинг катта-кичиги йўқ, муҳими, эътибор деймиз... Лекин тунд қиёфада, норози кайфиятда берилган совғанинг қиймати қандай бўлади? "Келмагани яхши эди" демайдими?

Шу ўйлар билан дўкондан чиқиб кетар эканман, "Мотамсаро она" ҳайкали томондан келаётган бир гуруҳ йигитларга кўзим тушди. Улардан бири шундоққина ёнимдаги, йўл четида турган машинасининг эшигини зарб билан очар экан, "Чиқинглар тез, бошлиғам шу ҳайкалга гул қўйиб келинглар деб қўймади. Расмга олдиларинг-а?"...

Беихтиёр кўзимга ёш келди. Бу ёшларнинг дийдалари қачон бу қадар қотиб улгурди экан?

Кабинетидан чиқмасдан ходимларига "бориб кел" деб буюрган бошлиқларнинг ўзи бундай хайрли тадбирларга бош бўлиб борганида, йўқловларнинг нафақат эзгу амал эканлигини англатганида балки бу ёшлар бошқача кайфият ё фикрда бўлармиди, деб ўйлаб қоласан киши.

Гулшан Шерматова.