Энг намунали таянч пункти – Каттақўрғонда

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида “Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари” кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб деб топилган таянч пунктлари инспекторларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танлов натижаларига кўра, Каттақўрғон тумани “Мўминхўжа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 203-сонли ички ишлар органлари таянч пункти биринчи ўринга муносиб деб топилди ва танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Иккинчи ўринни Жомбой тумани “Қўрғон-саломон” МФЙда жойлашган 149-сонли таянч пункти қўлга киритган бўлса, Ургут тумани “Украч” МФЙга хизмат кўрсатувчи 498-сонли таянч пункти учинчи ўринга лойиқ кўрилди.

– Маҳалламиздаги 750 та хонадонда 4561 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди 203-сонли ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспектори Бектош Хушов. –  Битта умумий ўрта таълим мактаби, битта мактабгача таълим муассасаси жойлашган. Маҳалла фуқаролар йиғини, таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа қатор ташкилотлар билан яқин ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани осойишталикни таъминлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, фуқаролар бандлигини таъминлаш борасида ҳам ушбу ташкилотлар билан иш олиб боряпмиз. Хусусан, 8 нафар фуқарога ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун 7 фоизлик кредит маблағлари олишда кўмаклашдик. Меҳнатимиз самараси ўлароқ 2018 йилда бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Тадбир давомида “Энг фидойи сектор раҳбари”, “Энг фаол профилактика инспектори”, “Профилактика инспекторининг энг фаол жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси”, “Адолатли яраштириш комиссияси раиси” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.