Энг яхши ғаллакор 25 фоизгача устама олади

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги "Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида келтирилган.

Мазкур қарор асосида 2018 йил 30 ноябрда вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2019 йилги давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби киритилди. Бу нима дегани?

– Бу гектаридан ўртача 30 центнер ва ундан паст ҳосил олинганда икки баробар, ҳосилдорлик 31 дан 40 центнергача бўлганда эса хўжаликларга 1,5 баробар кўп солиқ ҳисобланади дегани, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқарма бўлим бошлиғи Акбар Норқўзиев. – Бу тартиб суғориладиган ерларда ғалла етиштирувчиларнинг ердан самарали фойдаланишлари, хомашё етиштириш ҳажмини оширишларида янада катта масъулият юклайди. 2019 йил ҳосили учун вилоятимизда 11078 фермер хўжалиги ғалла эккан бўлса, шунинг 9439 таси 103 минг 930 гектар сувли майдонда деҳқончилик қилмоқда ва уларга давлатга 318 минг 400 тонна ғалла сотиш мажбурияти юкланган. Қарор асосида етиштирилган ҳосилнинг ҳар тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 миллион 200 минг сўм ёки жорий йилдагига нисбатан 1,6 баробар юқори даражада белгиланди. Бу албатта, юқори ҳосил етиштирган фермернинг молиявий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Яна етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган ғалла харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади. Бунда ҳосилдорлик гектаридан 41 дан 50 центнергача бўлганда 10 фоиз (120 минг), 51 дан 60 гача бўлганда 20 фоиз (240 минг), 61 ва ундан юқори бўлганда 25 фоиз (300 минг сўм) миқдорида устама, аксинча, ҳосилдорлик 30 центнер ва ундан кам бўлса, 25 фоиз (300 минг сўм), 31 дан 40 центнергача бўлганида – 15 фоиз (180 минг сўм) чегирма билан ҳисоб-китоб қилинади.

– Қишлоқ хўжалиги билан шуғуллана бошлаганимга 60 йилдан ошган бўлса, кўп йиллар олдин деҳқон етиштирарди, давлатга топширарди, – дейди Пахтачи туманидаги "ўаллакор" фермер хўжалиги бошлиғи, "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳиби Норхол Қурбонова. – Энди деҳқон етиштирган маҳсулотининг шартномадан ортган қисмига ўзи эгалик қиладиган давр келди. Фермер хўжалигимизни ташкил этгандан буён энг оғир келган йилларда ҳам пахта ва ғалладан гектарига  40 центнердан кам ҳосил етиштирганимиз йўқ. Лекин авваллари ортиқча етиштирилган ҳосил ҳар доимгидек бир хил нархда баҳоланиб, фермер арзимас даромадга эга бўлаётганди. Эндиликда юқори ҳосил етиштирган хўжаликларга 25 фоизгача устама тўланиши биз каби ғаллакорлар учун айни муддао бўлди. 2018 йилда пахтадан режадаги 89 ўрнига 122 тонна "оқ олтин" топшириб, 500 миллион сўм ҳамда қўшимча 12 миллион сўм даромадга эга бўлдик. ўалладан эса 120 миллион сўм фойда олдик. Кейинги йилдан ғалладан ҳам юқори ҳосилдорликни қайд этиб, қўшимча маблағ ишлаш ниятидамиз.